Спорт | 20:14 / 06.11.2025
21605
10 дақиқада ўқилади

Кавказ «Барселона»си. «Қорабоғ» ЕЧЛда тарих ёзмоқда

Фото: Getty Images

Чемпионлар Лигаси асосий босқичида қатнашувчи жамоалар номи маълум бўлгач, Ўзбекистондаги мухлислар икки клубга нисбатан алоҳида эътибор қаратди – «Қайрат» ва «Қорабоғ». Қардошларимизнинг Европанинг энг нуфузли турнирида, энг кучли жамоаларга қарши ўйини табиийки, ўзбек мухлислари учун ҳам ўзига хос воқеа, зеро улар орқали биз ҳам ўзимизни билвосита катта футбол билан солиштириш имкониятига эга бўламиз.

Биринчи турдаёқ «Қорабоғ» сафарда «Бенфика» устидан ғалаба қозониб, шов-шув кўтарди. Иккинчи турда «Копенҳаген» ҳам мағлуб этилгач, дастлабки натижани тасодифга йўйган мухлислар ҳам жамоа имкониятларини чамалаб, кейинги рақибларга қизиқа бошлашди. Кеча эса «Қорабоғ» турнирда Озарбойжонга ташриф буюрадиган энг номдор рақиби «Челси»га қарши ўйинда очко олишга муваффақ бўлди (2:2).

Айни дамда «Қорабоғ» 7 очкога эга ва ушбу босқичда яна 4 та ўйин ўтказади. Ўз майдонида «Аякс» ва «Айнтрахт», сафарда «Наполи» ва «Ливерпул»га қарши ўйинларда тахминан 4-5 очко олса, жамоа тарихида илк бор Чемпионлар Лигаси плей-оффга чиқиши мумкин.

Албатта, клуб бу даражага тасодиф билан келмади. Жамоа пойдевори қарийб 17 йиллик тарихга эга ва асосий архитектор сифатида жамоа бош мураббийи Гурбан Гурбановни айтиш лозим. Қуйида у ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Фото: Gualter Fatia/Getty Images

Гурбан Усмонўғли Гурбанов 1972 йилнинг 13 апрелида туғилган. Унинг футболчи сифатидаги фаолияти ҳам ёмон кечмаган. У «Нефтчи», «Турон» ва Озарбойжоннинг яна бир қатор клублари, шунингдек, Россияда «Факел», «Балтика», «Динамо» Ставропол ҳамда «Волгар Газпром» клубларида тўп сурган. 1992-2005 йиллар оралиғида миллий жамоа сафида 68 ўйинда майдонга тушиб, 14 гол (2-ўрин) муаллифи бўлган. Лекин уни жароҳатлар кўп қийнарди. 33 ёшида жиддий шикастланади ва Бокунинг «Интер» жамоаси сафида футболчилик фаолиятини тугатади.

У дарҳол клуб бошқарув тизимида иш бошлайди ва спорт директори этиб тайинланди. Аммо кўп вақт ўтмай «Нефтчи» уни бош мураббий вазифасига таклиф қилади.

«Жамоани мураббий сифатида тайёрлаш футбол ўйнашдан қийинроқ. Клуб раҳбариятининг ишончи менга ёрдам беради, шунингдек, ажойиб жамоа шаклланган. Аминманки, «Нефтчи» ушбу мавсумда доимий юқори ўринлардан пастламайди, мақсадимиз эса ўзгармайди – мамлакат чемпионатини ютиш», – деганди илк матбуот анжуманларидан бирида Гурбан Гурбанов.

Илк мавсумда «Нефтчи» иккинчи ўринни олди ва УЕФА кубогига йўлланмани қўлга киритди. Аммо кейинги 2007/08 йиллар мавсуми жамоа учун ёмон бошланади. 4 турдан кейиноқ Гурбанов истеъфо беради ва уни мураббийликдан спорт директорлигига ўтказишади. Аммо бу сафар ҳам унинг офисдаги ишлари узоққа чўзилмайди. 2008 йилнинг августида «Қорабоғ» Гурбановни ўзига чорлайди.

«Агар футболимиз ривожланишини истасак, Озарбойжонга сармоя киритишимиз керак. Гап фақат футболчиларда эмас. Маҳаллий мутахассисларга ишонишни ўрганишимиз лозим. Мамлакатимизга хорижлик мураббийлар икки сабаб билан келишади – ё ўз юртида муваффақиятли ишлай олмаган ёки бу ерда яхши пул ишламоқчи. Бизга бу керак эмас», – деб таъкидлаганди «Қорабоғ»нинг ўша пайтдаги вице-президентди Тоҳир Гўзал.

Дастлабки мавсумда «Қорабоғ» ички чемпионатда бешинчи ўринни эгаллайди. Лекин энг муҳими, ўша йили жамоа финалда Бокунинг «Интер» жамоасини енгиб, мамлакат кубогини қўлга киритганди. Кейин эса маҳаллий футбол учун дадил ва муҳим қадам ташланди – «Қорабоғ» Европа Лигаси квалификациясининг плей-офф босқичига чиқди. Шу пайтгача Озарбойжоннинг бирор клуби бу босқичгача етиб келмаганди. Аммо клуб «Твенте»га қарши баҳсларда мағлубиятга учрайди.

«Қорабоғ» аста-секинлик билан Гурбанов қўл остида шакллана бошлайди ва натижалар ҳам яхшиланиб боради. Кейинги беш йилда клуб икки марта учинчи, бир марта иккинчи ўринни қўлга киритади. Клуб раҳбариятининг ҳам, Гурбановнинг ҳам амбициялари ўсиб борарди. 2023/14 йиллар мавсуми олдидан мураббий жамоанинг мақсади чемпион бўлиш эканини маълум қилди.

«Мен фақат клуб раҳбарияти эмас, ҳамманинг олдида айтяпманки, бу мавсумда чемпион бўлмоқчиман. Чунки мураббий сифатидаги мақсадим шу. Албатта, муаммолар ва камчиликлар бўлади, зеро агар қайсидир мураббий чиқиб, мен юз фоизга аниқ чемпион бўламан, деса ишонманг. Сабаби, баъзида ҳар қанча яхши тайёрланган бўлсангиз ҳам ғалаба қозона олмаслигингиз, нимадир ўхшамай қолиши мумкин», – деганди Гурбанов мавсум олдидан матбуот анжуманида.  

У мақсадига эришади. «Қорабоғ» 2013/14 йиллар мавсумида Озарбойжон чемпионига айланади. Чемпионлик 34-турда Бокунинг «Интер» клуби устидан қозонилган ғалаба билан расмийлаштирилади. Гурбанов ўйин тугагач йиғлаб юборади – ниҳоят мақсадга етиб келинганди.

«Қорабоғ» чемпионликни нишонламоқда
Фото: qarabagh.com

Шундан сўнг «Қорабоғ»нинг чемпионатдаги буткул ҳукмронлик даври бошланди. Қаторасига етти йил клуб чемпионлик унвонини ҳеч кимга бермади. Фақат 2020/21 йиллар мавсумдагина «Нефтчи» чемпион бўлади, қорабоғликлар эса иккинчи ўрин билан кифояланишди. Аммо кейин «Қорабоғ» яна тўрт йил чемпионликни ҳеч кимга бермайди. Бундан ташқари, Гурбанов шогирдлари бу йилларда беш марта мамлакат кубоги соҳиби ҳам бўлади.

Энди маҳаллий миқёсдаги ютуқлар етарли бўлмай қолганди. 2014/15 йиллар мавсумида клуб илк бор еврокубокларнинг асосий раундида қатнашди. «Қорабоғ» Европа Лигасининг гуруҳ босқичида «Интер», «Сент Этиен» ва «Днепр»га қарши ўйнади. Кейинги икки мавсумда ҳам клуб Европа Лигаси гуруҳ босқичида кўриниш берди.

2017/18 йиллар мавсумида «Қорабоғ» тарихда илк бор Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичига чиқа олди. Саралаш раундларида жамоа Гуржистоннинг «Самтредиа», Молдованинг «Шериф» ҳамда Даниянинг «Копенҳаген» клубларини ортда қолдирди. Гуруҳ босқичида эса жамоага «Челси», «Атлетико» ва «Рома» рақиб бўлади. Гурбанов шогирдларининг асосий муваффақияти сифатида «Атлетико» билан икки дурангни келтириш мумкин. Жамоа бошқа ўйинларда очко ололмайди.

Еврокубокларнинг плей-офф босқичига «Қорабоғ» илк бор икки йил олдин, 2023/24 йиллар мавсумида чиққанди. Европа Лигаси гуруҳида жамоа Хаби Алонсо бошқарувидаги «Байер»дан кейинги иккинчи ўринни банд этганди. Ушбу гуруҳда шунингдек «Ҳеккен» ва «Молде» клублари бор эди. 1/16 финалда озарлар сенсацион равишда Португалиянинг «Брага» жамоасини икки ўйин натижасига кўра (2:3, 4:2) турнирдан чиқариб юборишни уддалашди. Нимчоракда эса яна эски таниш – «Байер» кутиб турарди.

Гуруҳда «Байер» ҳар икки ўйинда ҳам «Қорабоғ»ни мағлубиятга учратганди. Аммо плей-оффдаги тўқнашув анча драматик кечди. Ўша пайтларда «Байер» бутун мавсум давомида мағлубиятсиз ўйнаган, Бундеслигада пешқадамлик қилган ва Европа Лигаси фаворити эди. Озарбойжондаги илк учрашув 2:2 ҳисобида якунланади. Ливеркузенда эса Гурбанов шогирдлари 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олади. Лекин «Байер» бу ўйинда ҳам ўзига хос равишда камбэк амалга ошириб, 90+8-дақиқада ғалаба голини уришга муваффақ бўлганди.

«Футболчиларимдан миннатдорман. Улар охиригача қаттиқ курашишди, кўп куч сарф қилишди. Хаби Алонсони ҳам чоракфинал билан табриклайман. Биз учун бу катта тажриба. Биз ўз кўзимиз билан катта футболни кўрдик. Бу ҳақида гапириш бошқа, унинг ичида яшаш бутунлай бошқача эканини ҳис қилдик. Кичик бир детал бутун ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин. Уйда ҳам, сафарда ҳам икки гол урганимиз бизга ёрдам бермади. Аввал ҳам айтганимдек, бу рақиб ўзи истаганча гол ура олади. Гувоҳи бўлдимки, ўсишимиз учун режаларимнинг ўзи етарли эмас, мен янаям кўпроқ ишлашим, тажриба орттиришим керак экан», – деб хулоса қилди ўшанда Гурбан Гурбанов.

Vijesti me нашри эса «Қорабоғ» жамоасини тасвирлар экан, «Кавказ Барселонаси» деб атади ва бу Гурбан Гурбановнинг ўйин услубига ҳам ишора эди. Чемпионлар Лигасининг жорий мавсуми эса «Қорабоғ»нинг янги ва ёрқин тарихига айланмоқда. Жамоа плей-офф йўлланмаси учун курашяпти.

Марко Янкович «Челси» дарвозасига урилган голни нишонламоқда

Дарвоқе, Гурбанов ўзига яраша қаттиққўл эканини ҳам унутмаслик керак. Sportinfo.az маълумотига кўра, ЕЧЛнинг 3-турида «Атлетик»ка қарши мағлубиятдан (1:3) сўнг мураббий футболчиларни жаримага ҳам тортган. Унга нафақат қайд этилган ҳисоб, балки шогирдларининг муносабати ҳам ёқмаган. Чунки Билбаода ўтган ўйинда ҳам жамоа илк дақиқаларда гол уриб, ҳисобда олдинга чиқиб олганд. Табиийки, интизом муҳим, бусиз жамоа бу ерларгача етиб келмасли балки... 

Тайёрлаган:  Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид