Ўзбекистон | 19:30 / 09.11.2025
16264
4 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун қатор имтиёзлар жорий этилмоқда

Хусусан, ҳар йили касб байрами кунида мукофот пули берилади, турли танловлар ташкил этилади, 15 йиллик иш стажига эга ходимларнинг фарзандларининг контракт суммасини тўлашда, шунингдек, уй-жой олишда ёрдам кўрсатилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатга асосан, 2026 йилдан бошлаб давлат тиббиёт муассасалари ходимлари Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбатлантирилади. Бу миқдор ҳозирда 1 млн 271 минг сўмга тенг.

Байрам муносабати билан «Энг яхши шифокор», «Энг яхши шифохона», «Энг яхши туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш органи раҳбари», «Энг яхши оилавий поликлиника раҳбари», «Энг яхши туман (шаҳар) шифокори», «Энг яхши туман (шаҳар) ўрта тиббиёт ходими», «Энг яхши оилавий поликлиника», «Энг яхши туман (шаҳар) шифохонаси» ва «Энг яхши ҳудудий шифохона» каби номинациялар ўтказиш йўлга қўйилади.

Танлов натижалари асосида ғолиб тиббиёт муассасаларига – 500 миллион сўм, тиббиёт ва раҳбар ходимларга – 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотлари берилади.

2026 йил 1 апрелдан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларининг иш вақти режими беш кунлик иш ҳафтасига ўтказилади. Бунда тиббиёт муассасалари иш фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш учун байрам ва дам олиш кунлари навбатчилик асосида ишлаш йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан давлат тиббиёт муассасаларида туман (шаҳар) даражасида янги даволаш усулларини жорий қилган ва унинг ижобий самарасига эришган шифокорларга БҲМнинг 50 баравари (бугунги кунда 20 млн 600 минг сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг фарзандларига республика ҳудудидаги олийгоҳларда бакалавриат таълим йўналиши бўйича йиллик контракт суммасининг 30 фоизи (БҲМнинг 15 бараваридан ошмайдиган қисми – бугунги кунда 6 млн 180 минг сўм) қоплаб берилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг халқаро илмий-техник журналларда мақолаларни чоп этиш билан боғлиқ харажатлари давлат бюджетидан тўлиқ қопланади.

Ҳар йили 15 йил иш стажига эга 500 нафар тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ипотека кредити асосида сотиб олинадиган уй-жойнинг 25 фоиз дастлабки бадали тўлаб берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб Миллий аккредитациядан ўтган ходимларга лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида ойлик устама тўланади.

Келаси йил бошидан камида уч йил иш стажига эга давлат тиббиёт ва фармацевтика ходимларига бир йилда бир марта бепул юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади.

Камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ходимларига бир йилда бир марта республика ҳудудидаги санаторийларга бепул йўлланма берилади. Шунингдек, соҳа ходимларига барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар миқдори икки баробар камайтирилади.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2026 йилдан бошлаб мазкур мақсадлар учун ҳар йили Тиббиёт муассасаларининг моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига қўшимча индексация қилиб бориладиган 100 миллиард сўм маблағ ажратиши белгиланган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид