Ўзбекистон | 15:29 / 15.11.2025
2367
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев Ўзбекистон–Озарбойжон стратегик шериклигини ривожлантиришни муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябр куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун Тошкентга келган Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказиб, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 ноябр куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида қатнашиш учун мамлакатга келган Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида Илҳом Алиев Ўзбекистон етакчисига Тошкентдаги Маслаҳат учрашувида иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик изҳор этди.

Давлат раҳбари, ўз навбатида, қардош Озарбойжон президенти ва халқини жорий йил 8 октябр куни нишонланган Ғалабанинг беш йиллиги муносабати билан самимий табриклади.

Учрашувда жорий йил июл ойида Ўзбекистон президентининг Озарбойжонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, барча даражаларда самарали сиёсий ва иқтисодий алмашинувлар давом этмоқда. Жорий йил бошидан икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 15 фоизга ошган. Автомобилсозлик, энергетика, туризм ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар фаол паллага кирган.

Томонлар бўлажак олий даражадаги учрашув ва тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар, ишонч ва ўзаро манфаат руҳидаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканини яна бир бор тасдиқлади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид