Технология | 21:53 / 19.11.2025
6288
2 дақиқада ўқилади

Лондонлик чўнтаккесарлар iPhone’дан бошқа телефонларни эгасига қайтармоқда

Лондонликлар ўғирланган телефонларнинг қайтарилиши ҳақидаги ҳикоялари билан ўртоқлашди. Гап ҳар сафар ўғрилар iPhone’га қараганда камроқ жозибадор деб ҳисоблаган Android қурилмаси ҳақида борган.

Фото: Getty images

London Centric нашрининг ёзишича, сўнгги ойларда Лондонда қизиқарли тенденция кузатилмоқда: ўғирланган, аммо кейинчалик қайтарилган Android смартфонлари сони ортиб бормоқда.

Қолаверса, уларни ўғриларнинг ўзи қайтармоқда, лекин айтишларича, нозик томонлари ҳам бор. Чўнтаккесарлар фақат Android телефонларни қайтариб бермоқда, iPhone смартфонларини эмас.

Лондоннинг бир неча аҳолиси ўғирланган телефонларнинг қайтарилиши ҳақидаги ҳикоялари билан ўртоқлашди. Гап ҳар сафар ўғрилар iPhone’га қараганда камроқ жозибадор деб ҳисоблаган Android қурилмаси ҳақида борган.

Манба учта диққатга сазовор ҳолатни ажратиб кўрсатди. Улардан биринчисида электр велосипеддаги жиноятчи фойдаланувчидан Samsung Galaxy’ни тортиб олишга уринган. Ўғри моделни таниб қолгач, телефонни ташлаб, қочиб кетди.

Бошқа бир фойдаланувчига ўғри дастлаб дўстона кўринган, аммо Андроид-смартфони борлигини билиб, тезда қизиқишини йўқотган.

Учинчи ҳолатда фойдаланувчи саккиз кишидан иборат тўданинг ҳужуми қурбони бўлди, улар унинг мол-мулкини, жумладан телефонини тортиб олди. Уни ҳайрон қолдирган нарса шундаки, ҳужум қилганлардан бири унга Samsung телефонини қайтариб берган.

Аммо бу iPhone бўлса, ўғрилардан «меҳрибонлик»ни кутмаслик керак. Эҳтимол, қора бозорда ўғирланган iPhone’ларга талаб бор, чунки улар қайта тикланган қурилма сифатида сотилиши мумкин.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид