Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШда шахсини тасдиқловчи бешта ҳужжат билан юрган ўзбекистонлик ҳайдовчи ушланди
АҚШ–Мексика чегарасида жойлашган Юма сектори Чегара хизмати маълумотларига кўра, Аризона штатида йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг 29 ёшли ўзбекистонлик юк автомобили ҳайдовчиси қўлга олинди. Унинг ёнидан Ню-Йорк ва Оҳайо штатларида берилган, шахсни тасдиқловчи бешта турли ҳужжат аниқланган.
Юма сектори Чегара хизмати бош инспектори ўзининг ижтимоий тармоқдаги хабарида маълум қилишича, Blythe Station ходимлари Аризона штатидаги Куартзайт шаҳри яқинида I–10 автомагистралида юз берган йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг 29 ёшли ўзбекистонлик юк ҳайдовчисини қўлга олган.
Хабарда айтилишича, ҳайдовчида жами бешта шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлган — уларнинг иккитаси Ню-Йорк, учтаси эса Оҳайо штатида расмийлаштирилган. Мазкур ҳужжатлар турли шахсий маълумотлар билан боғлиқ экани қайд этилган.
Чегара хизматига кўра, мазкур шахс 2023 йил апрел ойида АҚШ ҳудудига қонуний рухсатсиз кириб келган. Жорий йил июл ойида иммиграция судяси томонидан уни мамлакатдан чиқариб юбориш (депортация) тўғрисида қарор қабул қилинган, бироқ у ушбу қарорга бўйсунмаган.
Расмий маълумотга кўра, ҳайдовчи иммиграция қоидаларини бузган шахс (alien inadmissibility) сифатида қўлга олинган бўлиб, уни яна депортация тартибида қайта расмийлаштириш режалаштирилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан ярим прицепли юк автомобили ва тиркама маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан эвакуатор орқали олиб кетилгани ҳам маълум қилинган.
Маълумот учун, Юма сектори — АҚШ Чегара хизматининг (U.S. Border Patrol) ҳудудий бўлими. Аризона штатидаги Юма шаҳри атрофи ва унга туташ ҳудудлар, шу жумладан Мексика билан чегаранинг бир қисми учун масъул сектор. У ноқонуний чегарадан ўтишлар, контрабанда, одам савдоси каби ҳолатларни аниқлаш ва олдини олиш, чегара хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади.