Жаҳон | 22:33 / 21.11.2025
6269
2 дақиқада ўқилади

Бозор қиймати 1 триллион доллардан ошган илк фармацевтика компанияси маълум бўлди

Вазн йўқотиш учун мўлжалланган дориси билан машҳур Eli Lilly биринчи бўлиб бу маррадан ўтди.

Фото: Bloomberg

Американинг Eli Lilly компанияси дунёдаги фармацевтика компаниялари орасида биринчи бўлиб 1 триллион долларлик бозор қийматидан ошиб кетди. У вазн йўқотиш учун мўлжалланган дориси билан машҳур.

Lilly акциялари нархи 21 ноябрдаги савдоларда 1,7 фоизга кўтарилди. Йил бошидан буён унинг капиталлашуви 36 фоизга, 2024 йилда эса 32 фоизга ошди. У 2023 йилда дунёдаги энг қиммат фармацевтика компаниясига айланган эди.

Октябрь ойи охирида Eli Lilly учинчи чорак учун ҳисоботни эълон қилди, унда соф фойданинг 5,8 баравар ва даромаднинг бир ярим баравар ўсиши акс эттирилган.

Компаниянинг энг машҳур дориларидан бири вазн йўқотиш учун ишлатиладиган Zepbound ҳисобланади. Май ойида клиник синовлар шуни тасдиқладики, уни қўллаш беморларга қорин бўшлиғидаги ёғларни рақиб Novo Nordisk компаниясининг Wегоvy дорисидан самаралироқ камайтириш имконини беради.

Капиталлашуви даражаси бўйича дунёнинг энг йирик бошқа фармацевтика компаниялари: Johnson & Johnson (АҚШ) $490-500 млрд., AbbVie Inc. (АҚШ) $415 млрд., Novo Nordisk (Дания) $200-300 млрд.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид