Соғлом ҳаёт | 13:28
994
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ноқонуний косметика препаратларидан фойдаланганларда оғир ножўя реакциялар кузатилди

“Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ҳамда “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотларидан фойдаланганларда оғир ножўя реакциялар, жумладан ботулизмга хос клиник белгилар кузатилган. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ушбу маҳсулотларни қўлламасликка чақирмоқда.

Ўзбекистонда ноқонуний косметика препаратларидан фойдаланганларда ботулизм аниқланди. Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази огоҳлантириш билан чиқди.

Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига мурожаат қилган айрим беморларда ботулинотоксин сақловчи “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ва “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари косметологик мақсадларда қўлланилганидан сўнг оғир ножўя реакциялар, жумладан ботулизмга хос клиник белгилар кузатилган.

Маълум қилинишича, ҳозирда мазкур маҳсулотларнинг келиб чиқиши ва уларнинг қонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тегишли текширув ишлари олиб борилмоқда.

“Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Refinex Botulinum Toxin Type A for Therapy” ва “Dysport 500 Clostridium botulinum type A toxin-haemagglutinin complex” маҳсулотлари Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган. Шу сабабли уларнинг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги белгиланган тартибда баҳоланмаган”, дейилади хабарда.

Марказ интернет ёки ижтимоий тармоқлар орқали таклиф этилаётган шубҳали маҳсулотларни сотиб олмаслик, агар ушбу маҳсулотлар харид қилинган бўлса, уларни қўлламаслик, қўллаш бошланган бўлса фойдаланишни дарҳол тўхтатиш ва шифокорга мурожаат қилишни тавсия этган.

Ушбу маҳсулотларни қўллаган шахсларда кўришнинг хиралашиши, қовоқларнинг тушиб қолиши, ютиниш қийинлашиши, нутқ бузилиши, мушаклар кучсизлиги, нафас олиш қийинлашиши ёки бошқа ноодатий аломатлар кузатилса, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш сўралган. 

Марказ ҳолат бўйича назорат ва ўрганиш ишлари давом эттирилаётганини қўшимча қилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид