Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Самарқандда Халқаро туризм академияси кампуси ташкил этилмоқда
БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолияти ташкил этилади. У “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети тузилмасига кириб, туризм соҳаси мутахассисларини ўзбек, рус ва инглиз тилларида қайта тайёрлаш ва малака оширишга ихтисослашади.
“Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги президент қарори (ПҚ–350-сон, 2025 йил 20 ноябр) қабул қилинди.
Қарорга кўра, БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти шафелигида ташкил этилган Халқаро туризм академияси Самарқанд кампуси (Академия) учун қуйидаги мақсадли кўрсаткичлар белгиланди, жумладан:
- дунёнинг энг нуфузли топ-10 рейтингига кирган таълим ташкилоти билан ҳамкорлик ўрнатиш ва мутахассислар тайёрлашни йўлга қўйиш;
- 1 ойгача бўлган малака ошириш ҳамда 8 ойгача бўлган қайта тайёрлаш ўқув курсларини ташкил этиш.
Академия “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети тузилмасига киритилади. Ўқитиш Ўзбекистонда амалдаги таълим шаклларида ўзбек, рус ва инглиз тилларида амалга оширилади.
2025 йил 1 декабрдан бошлаб:
- туризм соҳаси субъектлари мутахассислари шартнома асосида қайта тайёрланади ва малакаси оширилади;
- ҳар йили Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо давлатларнинг 100 нафар иқтидорли мутахассиси учун Академиянинг қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурларида таълим олиш учун махсус грант ажратилади.
Мазкур қарор Самарқандни халқаро туризм таълими марказларидан бирига айлантириш, соҳада малакали кадрлар тайёрлаш ва туризм салоҳиятини янада оширишга қаратилгани таъкидланмоқда.