Ўзбекистон | 11:26 / 22.11.2025
105878
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2025–2026 йиллар қиши: дастлаб илиқ, кейин аномал совуқлар кутилмоқда

Гидрометеорология хизматининг мавсумий прогнозига кўра, 2025–2026 йиллар қиш мавсуми Ўзбекистонда умумий ҳолатда кўп йиллик меъёрларга яқин кечади. Декабр ойи нисбатан илиқроқ бўлиши кутилса, январ ва феврал ойларининг айрим кунларида, хусусан мамлакатнинг шимоли-ғарбида аномал совуқлар қайд этилиши мумкин.

Фото: Kun.uz

Декабр ойи нормага нисбатан бироз иссиқроқ бўлиши кутилмоқда. Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1–1,5° юқори бўлиши тахмин қилинмоқда. Ойнинг биринчи ўн кунлигида ҳаво асосан илиқ бўлади: кечаси 0…+5°, кундузи +10…+15° атрофида. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кескин ўзгариб туради: кечаси +2…+7° дан 0…–5° гача, кундузи эса +12…+17° дан +2…+7° гача пасайиши мумкин. Ойлик ёғингарчилик миқдори норма атрофида ёки ундан кам бўлиши кутилмоқда.

Январ ойи умумий ҳолатда кўп йиллик меъёрларга яқин, айрим ҳудудларда эса бироз совуқроқ бўлиши мумкин. Биринчи ва иккинчи ўн кунликларда ҳарорат катта диапазонда ўзгариб туради: кечаси +3…+8° дан –3…–8° гача, кундузи +10…+15° дан –2…+3° гача тебраниш эҳтимоли бор. Учинчи ўн кунликда эса аномал совуқлар кутилмоқда: кўпчилик ҳудудларда кечаси –12…–17°, кундузи –5…–10° гача тушиши мумкин. Нукус ва Урганч атрофларида эса кечаси ҳарорат –20…–25° гача пасайиши эҳтимолдан холи эмас.

Феврал ойи, прогнозларга кўра, кўп йиллик нормаларга яқин кечади. Биринчи ўн кунликда аномал совуқлар давом этиши кутилмоқда: кечаси –5…–10°, кундузи –3…+2°. Иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳаво сезиларли илийди: кечаси –2…–7° дан +3…+8° гача, кундузи эса 0…+5° дан +10…+15° гача кўтарилиши мумкин. Жанубий ҳудудларда кундузги ҳарорат айрим кунлари +15…+20° гача чиқиши эҳтимоли бор. Ёғингарчилик миқдори, умуман олганда, меъёр доирасида бўлиши кутилмоқда.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари шу каби мавсумий прогнозлар асосида эҳтимолий совуқлар ҳамда ноқулай об-ҳаво шароитларига олдиндан тайёргарлик кўриши муҳим. Шу билан бирга, мазкур прогноз якуний характерга эга эмаслиги, об-ҳаво шароитларига кўра унда ўзгаришлар бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Муҳим об-ҳаво ўзгаришлари ва хавфли гидрометеорологик ҳодисалар ҳақида қўшимча ахборотлар аҳолига ўз вақтида етказиб борилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид