Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ифлос ҳаво ўпка саратонини юзага келтирадими: нега чекмайдиганлар орасида ҳам онкологик касалликларга учраш кўпайяпти?
Тиббиётда шу вақтга қадар ўпка саратонининг асосий сабаби сифатида тамаки маҳсулотлари қайд этилган. Аммо ҳозирда дунёнинг йирик мегаполисларида чекмайдиган аҳолида ҳам нафас йўллари билан боғлиқ онкологик касалликлар сони ошаётгани кузатилмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ҳаводаги заҳарли чанг зарралари чуқур ўпка тўқималарига кириб, сурункали яллиғланиш ва генетик ўзгаришларни келтириб чиқаради. Ушбу мақолада ифлосланиш ва ўпка саратони ўртасидаги боғлиқлик илмий манбалар ҳамда Деҳли тажрибаси асосида таҳлил қилинди, Тошкент шароитида қандай хавф ва прогнозлар юзага келиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Сигарет ёки тамаки чекмаган одамлар орасида ҳам ўпка саратони кўпаймоқда ва дунё бўйича бу касаллик онкологик хасталиклар туфайли ўлимнинг бешинчи энг катта сабаби ҳисобланади.
Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги (IARC) маълумотига кўра, чекмаганларда ўпка саратонининг энг кўп учрайдиган тури – аденокарсинома. Мазкур тур ўпка саратонининг тўрт асосий туридан энг кенг тарқалганидир. The Lancet Respiratory Medicine журналида чоп этилган тадқиқотда келтирилишича, 2022 йилда дунё бўйича тахминан 200 000 аденокарсинома ҳолати ҳаво ифлосланишига боғлиқ бўлган.
Охирги 40 йил ичида кўплаб мамлакатларда эркаклар орасида ўпка саратони камайган бўлса, аёллар орасида у ҳали ҳам кўпайишда давом этмоқда. 2022 йилда бу касаллик эркакларда 45,6 фоиз, аёлларда эса 59,7 фоизни ташкил қилган. 2020 йилда эса кўрсаткичлар бироз паст бўлиб, эркакларда 39 фоиз, аёлларда 57,1 фоиз қайд этилган.

Дунё бўйича ўпка саратони ҳали ҳам энг кенг тарқалган ва ўлимга олиб келадиган онкологик касаллик тури ҳисобланади. 2022 йилда тахминан 2,5 миллион одам ушбу касаллик билан ташхисланган. Сўнгги ўн йилликларда касалликнинг тури (субтип) бўйича тарқалиши ўзгарган. IARC маълумотларига кўра, ҳаво ифлосланиши аденокарсинома хавфини оширади ва бу касаллик ҳолатларининг 53–70 фоизида асосий сабаб бўлиши мумкин, айниқса, ҳеч қачон чекмаганлар орасида.
Ифлос ҳаво саратонни қандай ҳосил қилади?
Ҳавонинг ифлосланиш ҳолати атмосферада турли зарарли моддалар, жумладан, ПМ2.5 ва ПМ10 чанг зарралари, азот оксидлари, сулфатлар, органик бирикмалар ва оғир металлар мавжуд бўлишидир. ЖССТ маълумотларига кўра, бундай ҳавода узоқ муддат нафас олиш нафақат нафас йўллари касалликлари, балки ўпка саратони ва юрак-қон томир касалликлари ривожланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ифлос ҳаво таркибидаги майда зарралар ва токсик моддалар нафас йўлларига кириб, ўпка ҳужайраларида оксидловчи стресс (oxidative stress) ҳосил қилади. Бу ҳужайра ичидаги нормал метаболик жараёнларни бузади. Оқибатда ҳужайра ДНКси зарар кўриб, нотўғри бўлинишни бошлайди ва мазкур жараён саратон ривожланишига туртки бўлади. Бундан ташқари, ҳаводаги кимёвий моддалар иммун тизими заифлашишига олиб келади, шунингдек, аллергик ва сурункали яллиғланиш жараёнларини кучайтиради. Ушбу омилларнинг барчаси онкологик касалликлар хавфини оширади.

Деҳли “тажрибаси”да нималар маълум бўлди?
Сўнгги йилларда Деҳлидаги шифохоналарда ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, чекмайдиган аҳолининг катта қисмида ҳам нафас олиш йўллари билан боғлиқ хасталикларга учраш ҳолатлари кўпайган. Улар орасида ўпка саратони билан касалланганлар аввал ҳеч қачон тамаки маҳсулотларидан фойдаланмаган. Бу эса ҳавонинг кимёвий таркиби ва саноат чиқиндилари, транспорт воситаларининг газлари, қурилиш чанги каби омиллар саратон ривожланишига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатади.
Мамлакатда 1998 йилда ўпка саратони билан касалланганларнинг деярли 90 фоизи чекувчи бўлган бўлса, 2018 йилда чекмаганлар улуши 50-70 фоизга етган. Бу ўзгариш охирги ўн йилликларда шаҳар ҳавосининг кескин ёмонлашуви билан боғлиқлиги таъкидланган.
Деҳлидаги шифокорларнинг маълум қилишича, ўпка саратони билан касалланган чекмайдиган беморларнинг кўпига айнан аденокарсинома ташхиси қўйилган. Ҳиндистоннинг йирик шаҳарларида ўпка саратони энди фақат чекиш билан эмас, атроф-муҳит омиллари билан ҳам боғлиқ касаллик сифатида қаралмоқда. Узоқ муддат Деҳлида яшаган, айниқса, вақтини очиқ ҳаво ёки шамоллатилмаган жойларда ўтказган одамлар заҳарли заррачаларнинг доимий таъсирига дуч келган. ПМ2.5 ва ПМ10 заҳарли заррачаларидан қайта-қайта зарарланиш нафас йўллари касалликлари хавфини сезиларли даражада оширган.
Таъкидланишича, ифлосланиш даражада ортганда ПМ2.5 каби майда заррачалар, шунингдек, азот диоксиди, транспорт, саноат ҳамда биомасса ёниши натижасида чиқарилган бошқа заҳарли газлар ҳавога аралашади. Ушбу заррачалар чуқур ўпка тўқималарига кириб, у ерда сурункали яллиғланиш ёки генетик ўзгаришларни юзага келтиради.
Деҳлида куз ва қиш ойларида ҳаводаги майда чанг зарралари (ПМ2.5) даражаси 500–700 µг/м³ га етади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хавфсиз деб белгилаган меъёр эса фақат 15 µг/м³ ташкил этади. Фарқни тасаввур қилинг: меъёр 15 бўлса, Деҳлида мазкур рақам 500–700 гача кўтарилади. Бундай шароитда одам чекмаса ҳам ҳавонинг ифлосланиши туфайли ҳар куни 20-25 сигаретага тенг зарарли “тутун”ни ютади.
Тошкентдаги вазият оқибатларини қандай прогноз қилиш мумкин?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ПМ2.5 ни 1-тоифа канцероген деб белгилаган, яъни бу модда саратонга аниқ сабаб бўлувчи омил сифатида тан олинган. Ифлос ҳаво фақат ўпка саратонини эмас, сийдик пуфаги, жигар, ичак ва сут бези саратонлари хавфини ҳам ошириши аниқланган.
Мустақил ўрганишлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Тошкент аҳолиси доимий равишда юқори даражадаги ифлос ҳавода яшашни давом эттирса, яқин йилларда шаҳар аҳолиси орасида нафас йўллари ва бошқа органлар саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши эҳтимоли йўқ эмас. Бу борада маҳаллий доирада олиб борилган илмий изланишларни топишнинг имкони бўлмади. Бироқ аҳоли саломатлиги бўйича тақдим этилган очиқ статистикалар юқоридаги гипотезани маълум маънода тасдиқлаши мумкин.
Хусусан, 2022-2024 йиллар бўйича таҳлил шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда нафас олиш тизими касалликлари аҳолининг умумий носоғломлик ҳолатида энг йирик улушни эгаллаган. 2022 йилда ҳар 100 000 аҳолига 13 135,6 та нафас йўллари касалликлари тўғри келган ва бу умумий хасталиклар жадвалида перинатал давр муаммоларидан кейинги иккинчи ўринда қайд этилган. 2023 йилда мазкур рақам 12 894 тага пасайган, аммо нафас йўллари касалликлари жадвалда биринчи ўринга кўтарилган. 2024 йилга келиб кўрсаткич 11 895,9 тага тушган бўлса-да, статистиканинг энг юқори сатридан яна ўша нафас йўллари касалликлари жой олган. Яъни уч йил давомида рақамлар нисбатан камайган, бироқ муаммо моҳиятан ўзгаришсиз қолган: аҳолининг энг кўп касалланиш ҳолати айнан ўпка ва нафас тизими билан боғлиқ. Ушбу жараённинг етакчи сабаби – ифлос ҳаво.
Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги хизмати илмий-амалий журналида чоп этилган “Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши ва юқори нафас йўллари касалликлари ўртасидаги боғлиқлик: илмий адабиётлар шарҳи” номли мақолада келтирилишича, сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида юқори нафас йўллари касалликлари (ринит, фарингит, бронхит, тонзиллит) сабаб мурожаатлар сезиларли даражада ошган. Хусусий ва давлат ЛОР клиникаларида 2019-2023 йиллар оралиғида беморлар сони йиллик 20–25 фоиз ўсиш билан қайд этилган. Айниқса, куз ва қиш ойларида, октябр-ноябрда мурожаатлар 1,7 баробар кўпайган. Кузатувларга кўра, совуқ мавсумда ҳаводаги майда заррачалар даражаси ошади, бу эса беморлар сонининг кўпайишига вақт жиҳатдан мос келади. Бироқ, мазкур боғлиқлик расмий илмий асос билан тасдиқланмаган.
Маълум қилинишича, пойтахтда ҳаво ифлосланиши ва юқори нафас йўллари касалликлари ўртасидаги боғлиқликни баҳолашда бир нечта муҳим бўшлиқлар мавжуд:
- Статистик моделлаштириш ва корреляцион таҳлиллар етарли эмас;
- Ҳудудлар бўйича AQI кўрсаткичлари ва касаллик статистикаси интеграциялашмаган;
- ПМ2.5 нинг иммун тизимига таъсири бўйича маҳаллий лаборатория тадқиқотлари йўқ;
- Ҳаво мониторинг тизимлари чекланган, реал вақтли маълумотлар мавжуд эмас;
- Гигиеник индекс асосида комплекс баҳолаш ишлатилмаган.
Ушбу бўшлиқларни бартараф этиш ва эпидемиологик ҳолатни тўлиқ баҳолаш учун қуйидагилар зарур:
- Ўзбекистон шароитига мослаштирилган гигиеник моделлар яратиш;
- Интерактив таҳлил платформалари (Shiny Dashboard) ишлаб чиқиш;
- Ҳудудлар бўйича AQI ва касаллик статистикаси интеграциялашган маълумотлар базасини яратиш;
- Маҳаллий лаборатория тадқиқотлари орқали ПМ2.5 нинг саломатликка таъсирини аниқлаш.