Ўзбекистон | 13:20 / 04.12.2025
3634
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк вояга етмаганларнинг картадан фойдаланиши тартиби бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда вояга етмаган шахсларга банк карталарини очиш ва уларни тижорат банклари ҳамда тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига бириктиришда биометрик идентификация (Face-ID) талаби туфайли муаммолар кузатилаётгани бўйича чиқишлардан сўнг, Марказий банк мазкур масалага ойдинлик киритди.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, Марказий банк бошқарувининг қарорига мувофиқ “Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га ўзгаришлар киритилиб, 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган вояга етмаган шахсларга банкларда ҳисобварақларни мустақил равишда очишга рухсат берилган. Энди улар ота-она ёки васийсиз ҳам шахсий ҳисобварақ ва унга боғланган банк картасига эга бўлиши мумкин.

Банк карталари билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловаларида “Янги рўйхатдан ўтиш”, “Паролни қайта тиклаш” ва “Аккаунтга бошқа қурилмадан кириш” каби амалиётларда биометрик идентификациядан ўтиш тартиби жорий этилгани таъкидланди. Айни шу тартиб айрим вояга етмаган фойдаланувчилар учун қийинчиликлар туғдираётгани инобатга олинган.

Шу муносабат билан Марказий банк томонидан банклар ва тўлов ташкилотларига хатарларни бошқариш сиёсати асосида вояга етмаганлар учун мобил илова орқали электрон тўлов имкониятини тақдим этиш, бироқ юқори хатарли амалиётлар учун қўшимча идентификация механизмларини сақлаб қолиш бўйича кўрсатмалар юборилган.

Марказий банк қисқа муддат ичида вояга етмаган шахслар банклар ва тўлов ташкилотлари мобил иловалари орқали ўз банк карталаридан тўлиқ фойдаланиш имкониятига эга бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид