Жаҳон | 15:45 / 04.12.2025
5423
8 дақиқада ўқилади

Нефт, қурол ва геосиёсат. Путин нега Ҳиндистонга давлат ташрифи билан келмоқда?

Фото: AFP via Getty Images

Россия президенти Владимир Путин пайшанба куни икки кунлик давлат ташрифи билан Ҳиндистонга учиб келади, ташриф доирасида у бош вазир Нарендра Моди билан музокаралар ўтказади ва Россия-Ҳиндистон бизнес-форумида иштирок этади. Ҳиндистон Россия нефтининг асосий харидорларидан бири бўлиб қолмоқда, шунингдек Москва билан қурол-яроғ битимларига ҳам умид қилмоқда. Ғарб нашрлари ёзишича, Путин учун бу ташриф шуниси билан ҳам муҳимки, у шу йўл билан Украинадаги уруш туфайли тўлиқ халқаро изоляцияда қолмаганини намойиш этмоқда.

Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков россиялик журналистларга маълум қилишича, пайшанба куни Моди Россия президентини ўз қароргоҳида норасмий равишда қабул қилади.

Кейинги куни Ҳиндистон президенти Драупади Мурму иштирокида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтади. Ташриф дастуридан Россия-Ҳиндистон музокаралари, расмий қабул ва бизнес-форум ҳам ўрин олган.

Нефт ва Америка санкциялари

Bloomberg агентлиги Путин Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери илк бор Ҳиндистонга бораётганини эслатган. Москва ўзига қарши киритилган санкцияларга қарамай, Ню-Деҳли билан яқин муносабатларни сақлаб қолди: Ҳиндистон Россиядан қурол сотиб олмоқда ва Россия нефтининг асосий истеъмолчиларидан бири бўлиб қолмоқда.

CREA тадқиқот марказининг октябр ойидаги маълумотларига кўра, Ҳиндистон Россия нефтининг Хитойдан (47 фоизлик улуш) кейинги иккинчи энг йирик харидоридир (38 фоиз). Кейинги ўринларда Европа Иттифоқи (6 фоиз) ва Туркия (6 фоиз) жойлашган.

Россия Ҳиндистонга энг йирик нефт етказиб берувчиси бўлиб қолмоқда. Фото: Reuters

BBC Ҳиндистон бўлими шарҳловчиси Викас Пандейнинг таъкидлашича, сўнгги беш йил ичида Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги савдо ҳажми кескин ошган. 2025 йил март ойида бу миқдор 68,72 миллиард долларни ташкил этган, ҳолбуки 2020 йилда бу кўрсаткич атиги 8,1 миллиард доллар атрофида эди. Шарҳловчининг сўзларига кўра, бу асосан Ҳиндистон Россия нефтини сотиб олишни кескин оширгани билан боғлиқ, Москва бунинг учун катта чегирмалар тақдим этади.

Бу эса Вашингтоннинг жиддий норозилигига сабаб бўлмоқда. Президент Доналд Трамп жорий йил августида Ҳиндистон маҳсулотларини АҚШга етказиб беришга 50 фоизлик тариф жорий қилган ва буни Ҳиндистон Россиядан нефт сотиб олиш орқали Украинага қарши урушни молиялаштиришга ёрдам бераётгани билан изоҳлади.

Нефт етказиб беришдан келадиган даромадлар чиндан ҳам Россия бюджетининг энг муҳим даромад манбайи ҳисобланади. Reuters’нинг қайд этишича, барча тушумларнинг чорак қисми нефт экспортидан келадиган маблағларга тўғри келади.

Викас Пандейнинг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда Ғарб ҳукуматлари Модини Украинага қарши уруши учун Россияни танқид қилишга ундамоқчи бўлган. Бироқ бунга жавобан Ҳиндистон раҳбари фақат мулоқотга чақирди.

Бу Ҳиндистоннинг «стратегик автономия» сиёсатининг бир кўриниши бўлиб, унинг доирасида бош вазир Москва билан яқин алоқаларни сақлаб қолишга, аммо Ғарб билан муносабатларни бузмасликка ҳаракат қилмоқда, дейди шарҳловчи.

Доналд Трамп ҳокимиятга қайтгунича бу иш бераётганди, дея давом этади у. Энди эса Америка-Ҳиндистон муносабатлари тарихдаги энг қуйи нуқтага етган ва мамлакатлар ҳозиргача савдо можаросини ҳал қила олмади.

Стратегик баланс ва савдодаги номутаносиблик

Шу нуқтайи назардан, Путиннинг ташрифи Моди учун янада катта аҳамият касб этади. Бош вазир ўз мамлакати аҳолисига ҳам, бутун дунёга ҳам Путинни ҳамон иттифоқчи деб билишини ва Трампнинг босимига бўйсунмаганини кўрсатмоқчи (гарчи аввалроқ Моди Америка президентини «чин дўстим» деб атаган бўлса-да).

Шу билан бирга, Ҳиндистон ҳукуматига Европа ҳам босим ўтказмоқда. Шу ҳафтада Ҳиндистондаги йирик нашрлардан бирида Германия, Франция ва Буюк Британия элчиларининг Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини кескин танқид қилинган қўшма мақоласи нашр этилди.

«Ҳиндистон учун асосий муаммо – бу стратегик мувозанат: ўз автономиясини ҳимоя қилиш ва Вашингтон босими ҳамда Москвага қарамликни бартараф этиш зарурати», – дейилади Ҳиндистоннинг Global Trade Research Initiative (GTRI) таҳлилий маркази шарҳида.

Бундан ташқари, ОАВнинг ёзишича, Ҳиндистон Россия билан нефт сотиб олиш кўпайганидан кейин юзага келган савдо балансидаги сезиларли тафовутни тўғриламоқчи. Ҳиндистон ҳукумати Москвадан Деҳли учун кўплаб муҳим бозорларни, жумладан, фармацевтика, автомобил ва хизматлар бозорини очишни сўрамоқда.

Бу Путин учун нимаси билан муҳим?

BBC шарҳловчиси Стив Розенберг Владимир Путин учун Ҳиндистонга ташриф геосиёсий аҳамиятга ҳам эгалиги ҳақида ёзади. Кремл Ғарбга Украинадаги уруш туфайли уни изоляция қилишга уринишлар муваффақиятсизлик билан тугаганини кўрсатишни хоҳлайди, дейди шарҳловчи.

У уч ой олдин Путин Хитойга ташриф буюриб, у ерда Моди ва Хитой раҳбари Си Жинпинг билан учрашганини ҳам эслатади.

Лондон Кингс коллежи халқаро алоқалар профессори Ҳарш Ви Пант AFP агентлигига берган интервюсида Путиннинг ташрифи «ҳар икки томон учун ҳам муҳим геосиёсий паллада ўзаро муносабатларни перезагрузка қилишга уриниш» эканини таъкидлайди.

Путин ташрифи олдидан Деҳли кўчаларига Россия ва Ҳиндистон байроқлари осилди. Фото: EPA

«Ҳиндистон учун ҳаммаси стратегик автономияни намойиш этиш нияти каби кўринмоқда. Чет элга камдан кам чиқадиган Путин эса ўз ташрифи билан бу муносабатлар у учун қанчалик муҳимлигини кўрсатади», – деб ҳисоблайди Пант.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ходими AFP’га берган интервюсида Москва ва Деҳли ўртасидаги тарихан мустаҳкам алоқаларни эслатиб ўтди ва уларни «бугунги куннинг энг барқарор муносабатлари» деб атади.

«Россия раҳбари Москванинг Ғарбдан ташқарида мустаҳкам ва муҳим ўзаро муносабатлари, шунингдек, у савдо қилиши мумкин бўлган йирик бозорлари борлигини кўрсатмоқчи», – дея хулоса қилади Bloomberg.

Қуроллар хариди бўйича нималар маълум?

Путиннинг Ҳиндистонга ташрифи арафасида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Ҳиндистон ҳукумати Россиянинг янги С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олишдан манфаатдорлигини тасдиқлади.

Ҳиндистон Россиядан ҳам, АҚШдан ҳам қурол сотиб олмоқчи. Фото: Getty Images

AFP маълумотига кўра, ҳозирда Ҳиндистон армиясида учта шундай қурол тизими мавжуд, бироқ Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Ғарб томонидан киритилган санкциялар туфайли яна иккитасини етказиб бериш (2018 йилда тузилган шартномага кўра) тўхтаб қолган. Баъзи нашрлар Ҳиндистонга янги С-500 ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш имконияти ҳақида ҳам ёзмоқда.

ОАВ маълумотларига кўра, Ҳиндистон Россияга Су-57 қирувчи самолётларини биргаликда ишлаб чиқаришни бошлашни таклиф қилмоқда.

Bloomberg Россия Ҳиндистонга энг йирик қурол етказиб берувчи бўлиб қолаётганини эслатган (гарчи сўнгги йилларда бундай етказиб бериш ҳажми сезиларли даражада камайган бўлса-да, чунки Ню-Деҳли энди кўпроқ АҚШ ва Европадан қурол сотиб олмоқда).

Моди ҳукумати бундан кейин ҳам АҚШ билан ҳам, Россия билан ҳам қурол-яроғ битимларини тузиш ниятида эканини айтмоқда, деб ёзади нашр. «Қурол ишлаб чиқаришда ҳамон тўлиқ мустақилликка эриша олмаскан, Ҳиндистон импортга умид қилади ва Россия унинг асосий етказиб берувчиси ҳисобланади», – дейди Bloomberg мухбирига International Crisis Group таҳлилчиси Правин Донти.

Ҳиндистон армиясида Россиянинг 200 дан ортиқ қирувчи самолётлари ва турли ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг бир нечта батареялари мавжуд.

Бироқ, санкциялар ва уруш ҳолатидаги Россия армиясининг ўз эҳтиёжлари туфайли Россиядан ҳар қандай кейинги етказиб бериш мураккаблашади, дея қайд этади Bloomberg.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид