Жаҳон | 08:41
761
2 дақиқада ўқилади

Путин: рус тили филология факультетларидан ажратилиши керак

Россия президенти Владимир Путин олий таълим муассасаларида рус тили ва адабиётини филология факультетларидан ажратиб, мустақил факультетлар ташкил этиш ғоясини илгари сурди. Унинг фикрича, бу рус тилининг мамлакат учун аҳамиятига мос ёндашув бўлади.

Фото: picture alliance

Владимир Путин 2 июнь куни рус тилини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги давлат сиёсати ижросига бағишланган кенгаш йиғилишида Россия университетларида рус тили ва адабиёти бўйича алоҳида факультетлар ташкил этиш таклифи билан чиқди.

Президентнинг таъкидлашича, кўплаб олийгоҳларда рус тили ва адабиёти бошқа йўналишлар, жумладан хорижий филология билан бирга филология факультетлари таркибида фаолият юритмоқда. Путин бундай ёндашув рус тилининг мамлакат ҳаётидаги ўрнига тўлиқ мос келмаслигини айтди.

Унинг сўзларига кўра, ўтган йили Қрим федерал университетида рус тили ва адабиёти бўйича мустақил факультет ташкил этилган. Россия раҳбари бошқа федерал университетлар, айниқса бўлажак тил ва адабиёт ўқитувчиларини тайёрлайдиган олийгоҳлар ҳам ушбу тажрибани қўллашидан умид билдирган.

Йиғилишда Путин талабалар учун янги таълим модулини ишлаб чиқиш режалари ҳақида ҳам маълум қилди. Унда талабалар рус тилининг конституциявий мақоми ва мамлакатнинг тил сиёсати масалаларини ўрганишлари назарда тутилган.

Россия президенти 2025 йилда мамлакат тил сиёсати асосларини тасдиқлаган эди. Мазкур ҳужжатда рус тили «Россия давлатчилигининг асоси» сифатида таърифланиб, унинг анъанавий маънавий қадриятлар билан боғлиқлиги таъкидланган. Шунингдек, рус тилида муқобили мавжуд бўлган ҳолларда хорижий сўзлардан фойдаланишни чеклаш тавсия этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид