Жамият | 22:06 / 07.12.2025
1963
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда наркокурйерлик билан шуғулланиб келган икки талаба озодликдан маҳрум этилди

Маълум бўлишича, улар синтетик гиёҳвандлик моддаларини таниши ташлаб берган геолокациялардан олиб, университет ётоқхонасида дозаларга қадоқлаб, айтилган локацияларга юборишган.

Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида икки нафар талаба холислар иштирокида текширилганда,ёнидан 120 гр Алфа ПВП синтетик гиёҳвандлик моддалари процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, 2007 йилда туғилган талабанинг вақтинча яшаб келаётган университет ётоқхонасидаги хонаси кўздан кечирилганда 400 гр Алфа ПВП синтетик гиёҳвандлик моддалари борлиги аниқланган.

Маълум бўлишича, бу талабалар ушбу синтетик гиёҳвандлик моддаларини таниши ташлаб берган геолокациялардан олиб, университет ётоқхонасида дозаларга қадоқлаб, айтилган локацияларга юборишган.

Тезкор тадбирлар натижасида бир маротабалик 2600 та дозага тенг бўлган жами 520 гр синтетик гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний муомаласи олди олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан талабаларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига кўра 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо чораси қўлланилган.

Шунингдек, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг манбаини ҳамда қолган жиноий шерикларини аниқлаш мақсадида тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид