Авто | 17:00
967
11 дақиқада ўқилади

Ҳайдовчилик гувоҳномасини қандай олиш мумкин?

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун беш ой вақт ва 8–10 миллион сўм маблағ талаб қилинади. Келинг, тиббий комиссия талаби, автомактабга кириш қоидалари ва имтиҳон шаклини кўриб чиқамиз.

Ўзбекистонда қандай қоидалар амал қилади

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-қарори билан белгиланган.

Ҳужжатда қуйидагилар белгиланган:

  • бўлажак ҳайдовчиларга қўйиладиган талаблар
  • автомактабда ўқиш тартиби
  • Ягона имтимҳон марказидаги имтиҳонлар рўйхати.

Барча босқичлар мажбурий ва белгиланган кетма-кетликда амалга оширилади.

Ушбу норма ҳар бир тоифа учун минимал ёш, гувоҳномаларнинг амал қилиш муддати ҳамда қайта имтиҳон топшириш қоидаларини белгилайди.

Гувоҳномани неча ёшдан бошлаб олиш мумкин

В тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 18 ёшдан бошлаб олиш мумкин. Транспорт турлари учун ёшга доир талаблар турлича бўлгани учун қуйида энг кўп учрайдиган тоифалар учун минимал ёш кўрсаткичлари келтирилган.

Ўқиш қандай бўлади ва автомактаб танлашда нимага эътибор бериш керак

2026 йил 1 февралдан A ва B тоифаларга номзодлар назарияни ўзлари ўрганиши мумкин. Лекин амалиёт албатта йўриқчи билан ўтказилади.

Автомактаб танлашда ЙҲХХ лицензиясини текшириш муҳим. Лицензия рақами одатда сайтда ёки ижтимоий тармоқларда кўрсатилади. Лицензияга эга автомактаб ўқишни тамомлаганингиз ҳақидаги маълумотларни имтиҳон марказига юборади. Имтиҳон учун зарур ҳужжатларни эса ўзингиз топширасиз.

Нималарга эътибор бериш керак:

  • амалиёт соатлари миқдори
  • автодром мавжудлиги
  • ўқувчиларнинг фикрлари
Автомактаб лицензияси намунаси

Ўқиш қанча вақт давом этади

Дастурлар ўртача 100 соатдан 260–270 соатгачани ташкил этади. Бунга назарий машғулотлар ва 40–50 соат амалий машғулотлар киради. Соатларнинг аниқ миқдорини автомактабнинг ўзи белгилайди.

Ўқиш муддати ҳам фарқ қилади: танланган дастурга қараб минимал 2,5–3 ой, максимал 4–5 ой. Бу вақт давомида назария, амалиёт ва имтиҳонга тайёргарликдан ўтилади.

Автомактабда ўқиш неча пул

Автомактабларда тўлиқ курслар, йўриқчи билан қўшимча дарслар, аёллар гуруҳлари ва жадаллаштирилган тайёргарлик вариантлари мавжуд. Қуйида дастурларнинг асосий турлари ва уларнинг нархлари келтирилган.

Автомактабда тўлиқ ўқиш курси неча пул

Тошкентда тўлиқ курс 6–7 млн сўмни ташкил этади. Одатда рўйхатдан ўтишда олдиндан 3–4 млн олинади, қолган қисми ўқиш давомида тўланади:

  • Давлат автомактаблари - 6,5 млн сўм (тўлиқ ўқув курси)
  • Марказий туманлардаги йирик автомактаблар - 7 млн сўм (амалиётли стандарт дастур)
  • Яшаш мавзеларидаги автомактаблар - 6 млн сўм (жадвал ва йўриқчига боғлиқ)
  • Ўз автодромига эга ўқув марказлари - 7 млн сўм (амалиёт ўташ ва автодромда шуғулланиш қулай)

Имтиҳон олдидан кўпчиликка қўшимча амалиёт машғулотлари керак бўлади. Бундай машғулотлар йўриқчи билан ўтказилади ва алоҳида пул тўланади.

Йўриқчи билан қўшимча амалиёт неча пул

Тошкентда амалиётнинг бир соати стандарт машиналарда 100 000 сўмдан бошланади ва янги моделларда 200–250 минг сўмгача бўлиши мумкин. Вилоятларда тарифлар пастроқ, аммо уларга ҳам машина тури ва йўриқчи тажрибаси таъсир қилади.

Экспресс-курслар неча пул

Автомактабларда асосий ўқишни тугатганлар учун экспресс-курслар таклиф қилинади. Экспресс-курслар нархи ва мазмуни автомактаб ва ўқитиш шаклига қараб фарқ қилади.

Аёллар автомактабларида ўқиш неча пул

Аёллар учун автомактабларда ўқиш нархи одатий автомактаблардагидек: тўлиқ курс ўртача 6–7 млн сўмни ташкил этади. Дастур ЙҲХХ талабларига тўлиқ мос келади, фарқ фақат шаклда: гуруҳлар аёллардан иборат бўлади, дарсларни эса аёл йўриқчилар олиб боради.

Автомактабда ўқиш учун қандай ҳужжатлар керак

Автомактабга кириш учун қуйидаги ҳужжатлар сўралади:

  • паспорт ёкиID карта
  • 083/y шаклидаги тиббий маълумотнома
  • 4 дона 3х4 шаклидаги фотосурат

Айрим автомактаблар 083/y маълумотномасини ҳамкор тиббиёт марказлари орқали ўзлари шакллантиради.

Тиббий комиссиядан қандай ўтиш ва 083/y шаклидаги тиббий маълумотномани олиш мумкин

083/y маълумотномасисиз ўқишга ҳам, имтиҳонга ҳам қўйишмайди.

Маълумотномани my.gov.uz портали орқали онлайн расмийлаштириш мумкин. «Тиббий маълумотнома олиш (083/y шакли)» хизматини танлаб, шахсий маълумотларни киритасиз. Сўнгра маълумотнома бериш ҳуқуқига эга давлат ёки хусусий клиникада тиббий текширувдан ўтасиз.

Ҳамма тиббиёт марказлари ҳам тизимга уланмаган ва бу маълумотномани бериш ҳуқуқига эга эмас, шу боис уларнинг 083/y расмийлаштириш ҳуқуқи бор-йўқлигини аниқлаб олиш лозим.

my.gov.uz орқали 083/y маълумотномасини олиш

Тиббий текширув офталмолог, терапевт, оториноларинголог ва зарур ҳолларда невролог кўригини ўз ичига олади. Батафсил бу ерда - gov.uz

Тиббий кўрикдан ўтиш учун зарур ҳужжатлар:

  • паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • икки дона 3,5 х 4,5 см ҳажмидаги рангли фотосурат;
  • психоневрология диспансери маълумотномаси;
  • наркология диспансери маълумотномаси;
  • тўлов квитанцияси (тиббий кўрик нархи тиббий муассаса томонидан белгиланади).

Барча мутахассислар кўригидан ўтилгач, тиббиёт маркази маълумотларни электрон тизимга киритади ва маълумотнома my.gov.uz даги шахсий кабинетда кўринади.

083/y шаклидаги маълумотнома

Тиббий маълумотнома шакллантирилиб, ўқиш тамомлангач, имтиҳон топшириш учун Ягона имтиҳон марказида рўйхатдан ўтилади.

Имтиҳон қандай ўтади

Имтиҳонлар Ягона имтиҳон марказида ўтказилади. Номзод онлайн рўйхатдан ўтади, қулай санани танлайди ва паспорт билан келади.

Амалий имтиҳондан ўтиш нархи унинг санасига боғлиқ:

  • 1 млн сўм – агар назарий ва амалий имтиҳонлар бир кунда топширилса;
  • 1,2 млн сўм – агар амалий имтиҳон бошқа куни топширилса.

Назарий имтиҳон куни 1 млн сўм тўлаб, амалий имтиҳондан кейинроқ ўтиш мумкин, нарх ўзгаришсиз қолади.

Ягона имтиҳон марказида рўйхатдан ўтиш

Аввал назарий имтиҳон - 20та саволдан иборат компьютер тести ўтказилади. Саволларга жавоб бериш учун 25 дақиқа вақт берилади, имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун 20та саволдан 18тасига тўғри жавоб бериш керак. Саволларга мисоллар:

Агар қўшимча белгилар бўлмаса, аҳоли пунктида қандай максимал тезликда ҳаракатланиш мумкин?

  • A) 50 км/с
  • B) 60 км/с
  • C) 70 км/с

Тўғри жавоб: B

Ҳайдовчи қандай ҳолларда пиёдага йўл бериши шарт?

  • A) Пиёда ўтиш чизиғи олдида турган бўлса
  • B) Пиёда зебра чизиғи бўйлаб йўлни кесиб ўтаётганда
  • C) Фақат светофор ишлаётган бўлса

Тўғри жавоб: B

Назарий имтиҳондан кейин шу куннинг ўзида амалий имтиҳон белгиланади.

Амалий имтиҳон марказ автодромида ўтказилади. У қуйидагилардан иборат бўлади:

  • «илонизи»;
  • эстакада;
  • параллел парковка;
  • чекланган маконда қайрилиш;
  • белгиланган чизиқда тўхташ.
имтиҳон маркази автодроми

Имтиҳон бошланишидан олдин ходим машқлар кетма-кетлиги ва ҳар бир элементга бўлган талабларни тушунтиради. Автомактабда ўргатган бўлишса ҳам, қўшимча саволлар беришингиз мумкин. Имтиҳон олувчилар имтиҳондан олдин зарур тушунчаларни берадилар.

Роҳат” автодроми харитаси

Баҳолаш тизими 100 балли шкалага асосланади. Номзод имтиҳонни 100 баллдан бошлайди ва ҳар бир қоидабузарлик учун ундан жарима баллари олиб ташланади. Баллар миқдори хато турига боғлиқ. Масалан, пиёдалар ўтиш жойига жуда яқин тўхтаганлик учун тахминан 5 балл олиб ташланиши мумкин.

Тизим хатоларни қайд этади ва уларни балларга айлантиради. Агар хатолар суммаси 99 баллдан юқори бўлса, имтиҳон автоматик равишда топширилмаган деб ҳисобланади.

Имтиҳон автомобилларида қоидабузарликларни автоматик равишда қайд этадиган датчиклар ўрнатилган. Улар инсон омилини истисно қилади: тизим траектория, масофа ва чизиқни кузатади ҳамда умумий натижани шакллантиради. Шу сабабли амалий имтиҳонда баҳслашиш имкони йўқ, қарорни йўриқчи эмас, техника қабул қилади.

Имтиҳонни қандай қайта топшириш мумкин

Босқичлардан биридан ўта олмаган тақдирда, етти кундан кейин қайта топшириш мумкин. Навбатдаги ҳар бир қайта уриниш 1,2 млн сўм туради.

Батафсил бу ерда - gov.uz

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қандай ҳужжатлар керак

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Ягона имтиҳон марказига келиш ёки my.gov.uz орқали ҳужжат расмийлаштириш керак бўлади.

Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар керак:

  • паспорт ёки ID карта
  • амалдаги 083/y шаклидаги тиббий маълумотнома
  • Сертификат

Амалий имтиҳон муваффақиятли топширилиши билан имтиҳондан ўтганлик тўғрисидаги Сертификат берилади. У Давлат хизматлари марказида ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилади.

имтиҳондан кейин бериладиган сертификат намунаси

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун қанча вақт кетади

Гувоҳномани марказнинг бандлигига қараб 3-10 кун ичида олиш мумкин. Амалиётга кўра, сертификат гувоҳнома олгунча вақтинчалик равишда автомобил бошқариш ҳуқуқини беради.

Назарий ва амалий натижалар Имтиҳон марказида автоматик равишда кўринади, шунинг учун қўшимча ҳужжатлар талаб қилинмайди.

Агар расмийлаштириш my.gov.uz портали орқали амалга оширилса, паспорт маълумотлари автоматик равишда киритилади, маълумотнома эса тиббий кўрикдан кейин кўринади. Йиғим тўлови тўлангач, бир-уч кун ичида гувоҳнома тайёр бўлади. Йиғим миқдори БҲМнинг 0.7 бараварига тенг: ҳозирда бу 288 400 сўмни ташкил этади.

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш неча пулга тушади

Жами, қайта имтиҳон топширишсиз:

8 388 400 – 9 638 400 сўм

Ҳайдовчилик гувоҳномаси қанча муддат амал қилади

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил давомида амал қилади. Муддат тугагандан сўнг ҳужжатни my.gov.uz портали орқали ёки ЙҲХХ бўлимида янгилаш керак. Бунинг учун ариза топшириш, агар тиббий маълумотнома муддати тугаган бўлса, тиббий кўрикдан ўтиш ва янги гувоҳнома тайёрлаш учун тўловни амалга ошириш кифоя.

ҳайдовчилик гувоҳномаси

Ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати ўтган бўлса нима қилиш керак

Ҳайдовчилик гувоҳномасининг муддати тугаган тақдирда, уни алмаштириш тартиби қанча вақт ўтгани ва автомобил бошқарилганига боғлиқ.

  • Муддат тугаганига бир йилдан кам бўлган бўлса: гувоҳнома алмаштириб берилади, имтиҳон топширилмайди.
  • Муддат тугаганига бир йилдан ошган ва автомобил бошқармаган бўлса: назарий ва амалий имтиҳон топшириш талаб қилиниши мумкин.
  • Муддати тугаган гувоҳнома билан машина бошқариш: жарима солинади.
  • Муддати тугаган гувоҳномани олиб келиш талаб қилинади.
  • Тиббий маълумотнома амал қилиш муддати тугаган бўлса, янгиси керак бўлади.
  • Гувоҳнома Давлат хизматлари марказида алмаштириб берилади.
  • Янги гувоҳнома муддати берилган кунидан бошлаб амал қилади, эскиси тугаган кундан эмас.
Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид