Ўзбекистон | 20:51
823
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 11 ойда 184 киши пора олгани учун судланди

Судланганларнинг 114 нафари суд ҳукми билан турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Қолганига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Фото: Видеодан кадр

Жорий йилнинг январ-ноябр ойларида республика бўйича 184 нафар шахс пора олиш жиноятини содир қилгани учун судланган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Унга кўра, 2024 йилда пора олиш жинояти билан 196 нафар шахс судланган. Уларнинг 135 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 61 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган (жарима, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ва шартли ҳукм) жазолар тайинланган.

Жорий йилнинг 11 ойи мобайнида эса ушбу турдаги жиноятни содир этган 184 нафар шахс судланиб, уларнинг 114 нафари озодликдан маҳрум қилинган. 70 нафари эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга тортилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 210-моддасига кўра, пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши БҲМнинг 50 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Пора олиш такроран, хавфли рецидивист деб топилган шахс томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса 5 йилдан 10 йилгача, жуда кўп миқдорда, уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.

Аввалроқ Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланганди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид