Жамият | 11:02 / 11.12.2025
4232
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳомидов вафот этди

Ўз умрини қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, деҳқончилик ва фермерликни тараққий эттиришга бағишлаган, фермерлик ҳаракатининг фидойи вакилларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳомидов 82 ёшида вафот этди.

Фото: Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Абдураим Ҳомидов 1943 йилда Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилган. Ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда «Ўзбекистон» жамоа хўжалигида механизатор сифатида бошлаган. Кейинчалик ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида фаолият юритган, 2007 йилдан эса «Шаҳанд ҳумо қуши» фермер хўжалиги раҳбари сифатида самарали меҳнат қилган.

2017 йилдан буён меҳнат фахрийси сифатида юрт равнақига, қишлоқ хўжалиги тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишда давом этган.

Фермерлик ҳаракатининг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири сифатида Абдураим Ҳомидов пахтадан юқори ҳосил олиш борасида ўзига хос амалий мактаб яратган, тажрибаси орқали кўплаб фермер ва деҳқонлар учун намуна бўлган.

Қишлоқ хўжалигига қўшган хизматлари учун у 1993 йилда «Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи», 2001 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2004 йилда эса юртимизнинг олий мукофоти — «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоаси Абдураим Ҳомидовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров