Спорт | 21:28 / 13.12.2025
1664
3 дақиқада ўқилади

Автоспорт юлдузлари Тошкентда. Ўзбекистон Formula-1 пойгаларини ўтказмоқчи

Жаҳон автоспорти юлдузлари йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими учун Тошкентга йиғилди. Нафақат уларнинг ўзлари, балки чемпионлик машиналарининг асл нусхалари ҳам пойтахтимизга олиб келинди. Келгусида Formula 1 пойгаларининг айрим босқичларига Ўзбекистон ҳам мезбонлик қилиши мумкин.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Жаҳон автоспорт ҳамжамиятининг эътибори бу ҳафта Тошкентга қаратилди. 12 декабр куни бу ерда Formula 1 пойгалари ташкилотчиси бўлмиш Жаҳон Автомобил Федерацияси – FIA'нинг Бош Ассамблеяси ва FIA Awards тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Бу иккала тадбир ҳам Марказий Осиёда биринчи марта ўтказилди. “Ўзбекистон” форумлар саройида ўтган Бош Ассамблеяда 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашиб, унда глобал автоспорт сиёсати ва соҳадаги қатор масалалар муҳокама қилинди.

“Ҳумо” аренасида ташкил этилган FIA Awards маросимида эса Formula 1, WRC, WEC, Formula E каби йўналишларда йилнинг энг яхши пилотлари ва жамоалари тақдирланди. Унда дунёнинг таниқли юлдуз пойгачилари, масалан Ferrari'нинг монаколик машҳур пилоти Шарл Леклер ҳам иштирок этди. Тақдирлаш маросими учун 7 та йўналиш бўйича чемпионлик машиналарининг асл нусхалари ҳам Тошкентга олиб келинган.

Миллий олимпия қўмитаси суратлари

Маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати Formula 1 пойгаларининг айрим босқичларига мезбонлик қилиш имкониятларини ўрганмоқда ва бунга тайёргарлик бошламоқчи. Бу масала FIA раҳбарларининг Ўзбекистон президенти ва бош вазири билан учрашувларида асосий мавзу бўлган.

Расмий хабарга кўра, президент Шавкат Мирзиёев ва FIA президенти Муҳаммад бин Сулайм ўртасидаги учрашувда Ўзбекистонда автомобил спортининг картингдан тортиб, то Formula пойгаларигача бўлган барча йўналишларини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган.

Президент матбуот хизмати суратлари

Хусусан, FIA университети билан ҳамкорликда ўзбекистонлик пойгачиларни ўқитиш, картинг ҳайдовчилари, муҳандислар, конструктор ва механикларни тайёрлаш, Ўзбекистонда замонавий автоспорт инфратузилмасини яратиш ва Formula 1 босқичларини ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев FIA раҳбарини “Дўстлик” ордени билан тақдирлаган.

Фото: Миллий олийпия қўмитаси

Муҳаммад бин Сулайм кейинроқ Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан ҳам учрашди. Бу учрашувда ҳам Ўзбекистонда автоспорт инфратузилмасини ривожлантириш, халқаро тадбирларни ўтказиш ва спортчилар учун замонавий шароитлар яратиш ташаббуслари кўриб чиқилган.

Маълумот учун, Халқаро Автомобил Федерацияси, FIA – автоспортни тартибга солувчи ва йўл ҳаракатини тарғиб қилувчи етакчи халқаро ташкилотдир. Ўзбекистон бу ташкилотга 2019 йилда аъзо бўлган. Ўтган йили Самарқандда ташкилотнинг 120 йиллигига бағишланган навбатдан ташқари Бош ассамблеяси бўлиб ўтган эди.

Мавзуга оид