Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ИИВ ва FIA Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорликка келишди
Жорий йилнинг 10 декабр куни Тошкент шаҳрида FIA Бош ассамблеясида иштирок этиш мақсадида мамлакатга ташриф буюрган Халқаро автомобил федерацияси (FIA) президенти Муҳаммад бин Сулайм бошчилигидаги делегация ва Ўзбекистон масъул идоралари ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва автоспортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Фото: ИИВ
Учрашув ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов, FIA'нинг мобиллик ва туризм бўйича вице-президенти Тим Ширман, FIA барқарор ривожланиш масалалари бўйича бош котиби Виллем Грёневалд, шунингдек Ўзбекистон президентининг спорт бўйича махсус вакили Одил Абдураҳмонов, спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти ва қатор вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида ўтказилди.

Тадбирда автоспортни ривожлантириш жамиятда техник саводхонлик, тезликка масъулиятли муносабат ва ҳаракатда интизомни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Шу билан бирга, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, пиёдалар муҳофазасини кучайтириш ва ҳаракат иштирокчилари маданиятини оширишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар юзасидан маълумот берилди.

Томонлар FIA билан ҳамкорликда Ўзбекистонда автоспортни ривожлантириш, FIA'нинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича илғор амалиётларини ўқув марказларига жорий этиш, ёшлар ўртасида йўл қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, таълим муассасаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини ўқитиш бўйича замонавий ечимлардан фойдаланиш ҳамда халқаро тажриба асосида йўл инфратузилмасини такомиллаштириш масалаларини кенг муҳокама қилди.

Учрашув якунида томонлар автоспортни ривожлантириш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш жараёнига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек аҳоли ўртасида йўл қоидаларига риоя этиш маданиятини оширишга қаратилган истиқболли вазифаларни белгилаб олди.
Мавзуга оид
09:28
ИИВ ва Huawei оммавий тадбирлар хавфсизлигини таъминлашда юқори технологияларни қўллашга келишиб олди
22:01 / 09.12.2025
Ўзбекистонда «Формула-1» пойгалари босқичини ўтказиш масаласи муҳокама қилинди
11:33 / 29.11.2025
ИИВ Қўриқлаш департаменти раҳбари тайинланди
11:30 / 29.11.2025