Жаҳон | 21:14 / 15.12.2025
2494
2 дақиқада ўқилади

БМТ илк бор Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонлади

Ташаббусга Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон муаллифлик қилди. Уни 21 мамлакат қўллаб-қувватлади.

Фото: UN Photo

Халқаро ҳамжамият 15 декабрда илк бор Бутунжаҳон туркий тиллар кунини нишонлади. Бу қарор ноябр ойида Самарқандда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясида қабул қилинган эди. Ташаббусга Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон муаллифлик қилди. Уни 21 мамлакат қўллаб-қувватлади.

Ташкилот буни инсониятнинг умумий меросини бойитадиган тил хилма-хиллигини тан олиш йўлидаги муҳим қадам деб ҳисоблайди.

«Сана танлашда чуқур маъно бор. 1893 йил 15 декабрда даниялик тилшунос Вилҳелм Томсен бизга маълум бўлган энг қадимги ёзма манбалардан бири - Ўрхун ёзувлари алифбоси муваффақиятли ўқилганини эълон қилди. Ёзувлар қадимги турклар томонидан эрамизнинг VIII асрида ҳозирги Мўғулистон ҳудудидаги Ўрхун водийсида яратилган бўлиб, 1889 йилда топилган. Томсеннинг ютуғи бугунги кунда бутун Евроосиё бўйлаб ўнлаб жамоаларни боғлаб турган тил анъанаси ҳақида бебаҳо тасаввур берди», дейилади БМТ хабарида.

ЮНЕСКО ташкилотига кўра, туркий тиллар оиласига мансуб озарбойжон, қозоқ, қирғиз, турк, туркман ва ўзбек тиллари қарийб 12 миллион квадрат километр майдондаги 200 миллиондан ортиқ аҳоли учун она тили ҳисобланади. Туркий тиллардаги бой ҳужжатли мерос ва ёрқин оғзаки анъаналар 10 дан ортиқ давлатларни бирлаштиради.

15 декабрни Бутунжаҳон туркий тиллар куни деб эълон қилиш орқали ЮНЕСКО тил ҳамкорлиги, маданий яқинлашув ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотнинг муҳимлигини таъкидлайди.

Ташаббус тилшунослик тадқиқотлари, таълим ва маданий алмашинув соҳаларида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган. Бу кун туркий тилларни асраб-авайлашга қаратилган кенг кўламли илмий тадқиқотлар ва глобал мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилади.

2025 йилдан бошлаб Бутунжаҳон туркий тиллар кунида турли маданий ва илмий тадбирлар, жумладан, тил меросига бағишланган кўргазмалар, маърузалар ва оммавий мунозаралар, адабий ва шеърий кечалар ўтказилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид