Жаҳон | 22:50 / 16.12.2025
1318
2 дақиқада ўқилади

«Титаник» филми режиссёри Жеймс Кэмерон миллиардерга айланди

1980-йиллардан бери Кэмероннинг филмлари деярли 9 миллиард доллар даромад келтирди ва бу даромаддан унинг улуши шахсий бойлигининг асосий қисмини ташкил қилади.

Фото: AP

Канадалик режиссёр Жеймс Кэмероннинг бойлиги 1 млрд доллардан ошди, деб ёзди Forbes. Бунга «Титаник» ва «Аватар» каби кассабоп филмлар сабаб бўлган.

1980-йиллардан бери Кэмероннинг филмлари деярли 9 миллиард доллар даромад келтирди ва бу даромаддан унинг улуши шахсий бойлигининг асосий қисмини ташкил қилади. Асосий лойиҳалар қаторига «Аватар», «Титаник», «Терминатор» ва «Бегоналар» филмлари киради.

Кэмероннинг ўзи эса бой эканини инкор этади. «Мен миллиардер бўлишни истардим. Бу қандайдир битимларни назарда тутади, менда эса улар бўлмаган», деди у журналист Мэттю Беллонига берган интервюсида.

Бундан ташқари, Кэмерон яқин ойларда янада бойиб кетади - Forbes ҳисоб-китобларига кўра, у «Аватар: Аланга ва кул» филми учун солиқлар ва йиғимларни тўлашдан олдин камида 200 миллион доллар ишлаб топади.

Кэмерон юк машинаси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган, кейин New World Pictures компаниясида ҳафтасига 175 доллар маош билан Рожер Корман ёрдамчиси бўлган. Унинг дебют иши «Пираня 2» (1981) филми эди, аммо келишмовчиликлар туфайли у икки ҳафтадан кейин ишдан бўшатилди. «Терминатор» филми эса муваффақият қозонди: 6,4 миллион долларлик бюджет билан филм 78 миллион доллар йиғди ва бутун франшиза тахминан 2 миллиард долларни ташкил этди.

Кино оламидаги бошқа миллиардерлар орасида Жорж Лукас («Юлдузлар жанги» франшизаси), Стивен Спилберг («Ўзга сайёралик», «Жағлар»), Питер Жексон («Хоббит» ва «Узуклар ҳукмдори») ва Тайлер Перри («Севги ҳақида қўшиқ») бор.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид