Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Биз ўз жамиятимизни биламизми?
Бугун украиналикларнинг қанчаси уруш тугашини хоҳлаяпти – бу саволга украин халқининг ўзида ҳам, Киевдаги сиёсатчиларда ҳам жавоб бор. Бу жавоб субъектив ёки хаёлий эмас, у – профессионал ва репрезентатив социологик тадқиқотлар маҳсули. Ахборот асрида ижтимоий кайфиятдан бохабар бўлиб туриш – хоҳ демократик бўлсин, хоҳ авторитар – барча давлатлар учун бирдек ҳаётий аҳамиятга эга.
Россия-Украина уруши бошланган 2022 йилда 90 фоиздан ортиқ украиналиклар “тўлиқ ғалабага эришунча урушишимиз керак!” деган фикрда эди. Бугун 69 фоиз украиналиклар музокаралар орқали урушни тезроқ тугатиш тарафдори. Шундай бўлса-да, 67 фоиз украиналик агар масала давлат мустақиллиги ҳақида кетса, урушни давом эттиришга рози.
41 фоиз французлар эса Францияда авторитар бошқарув бўлишига рози: “Агар кимдир ҳокимиятда узоқ қолиб, тартиб ўрнатса, масъулиятни бўйнига олса – бунга розимиз”. Бу билан французлар кейинги 2 йилда 6 марта бош вазир алмашиши ва муттасил инқирозлардан чарчаганини билдиришмоқда.
Бу мисоллар – Украинадаги ва Франциядаги ижтимоий фикр, жамият кайфиятини ифодаловчи сўровномалардан парчалар эди. Дунё давлатларида жамоатчилик фикрини ўрганиш – саноатлашган ва институтлашган тартибда амалга оширилади. Нафақат демократияларда, балки ўзининг барқарорлигини ва ривожланишини тўғри моделлаштириш ҳаракатидаги авторитар давлатлар ҳам ўзларидаги жамоатчилик фикрини тизимли ўрганади, керакли хулосалар чиқаради, ўз сиёсатларини тўғрилаб боради.
Жамоатчилик фикрини ўрганиш деярли бир асрдан бери мавжуд. Бугун дунёда жуда таниқли жамоатчилик фикрини ўрганиш марказлари мавжуд. Pew Research, RAND Corporation, Gallup, Chatham House, Левада-центр ва бошқалар профессионал тадқиқот марказлари сифатида ном қозонган.
Олдинлари репрезентатив, яъни аҳолининг фикрини холис ифодаловчи социологик тадқиқотлар ўтказиш анча қиммат турарди. Кейинги вақтларда информацион технологиялар ривожи, Big Data, ижтимоий тармоқлар – буларнинг барчаси аралаш ва мукаммал жамоатчилик фикрини ўрганишга имкон бермоқда. Ижтимоий фикр ва кайфиятни ўрганиш – тез ва нисбатан арзон бўлиб бормоқда.
Нима учун дунё давлатлари ижтимоий фикрни ўрганиб боришади? Нафақат бизнес учун, мижозлар нималарни хозлашини билиш учун. Балки сиёсий ҳокимиятлар учун одамларнинг фикри, қараши, кайфиятини билиш – жуда катта билим ва имкониятлар беради. Ижтимоий фикрни билмаслик ёки билиб, инобатга олмаслик – катта инқирозларга олиб келади. Мукаммал билиш ва тўғри ишларни қилишга тайёр туриш – мустаҳкам ва мустаҳкам ҳокимиятлар пойдевори, асоси ҳисобланади.
Социологик сўровномалар орқали, жамият нималардан рози ва нималардан норози, нима учун шундай, одамларнинг конкрет қарашлари қандай ва ўзгаришлар қай томон кетмоқда, каби ҳар қандай саволга малакали жавоб олиш мумкин. Мисол учун, ҳукумат ижтимоий фикрда ўзи учун ноқулай жавобларни олса, вазиятни тўғрилаш ёки жамоатчиликка шарҳ бериш имкониятини қўлга киритади.
Ўзбекистон – катта жамиятга айланиб бўлди. Аҳолимиз 40 миллион остонасида. Бугун биз Марказий Осиёдаги энг катта жамиятмиз, туркий давлатларда ва пост-совет ҳудудидаги иккинчи йирик жамиятмиз. Мусулмон дунёсида ҳам салмоқли 15 ўриндамиз. Бироқ, ҳалига қадар ижтимоий фикрни ўрганиш, шу орқали барқарорлик ва ривожланишни институтлаштиришга киришганимиз йўқ. Ижтимоий фикрни ўрганиш ва жамиятнинг ўзига бу фикрни билдириш борасида янги малака шакллантира олмаяпмиз. Инерция, эътиборсизлик...
Бу борада имкон қадар тезроқ вазият ўзгариши керак. Нима учун? Ахборот даври бошланди. Одамлар, жамиятлар энди ахборотга борган сари тўйиниб боради. Одамлар мобиллашади. Давлатлар ҳам олдинги усулларда ижтимоий барқарорлик ва сиёсий легитимликни таъминлай олмайди. Бундан кейин давлатлар учун легитимлик – энг муҳим ижтимоий-сиёсий ресурс ҳисобланади. Сабаби, глобаллашган даврда легитимлик дефицити – одамлардаги анемия, камқонлик каби кўплаб нохушликларга олиб келади. Ижтимоий зўриқишлар, бўҳронлар ва сиёсий инқирозларнинг олдини олиш учун давлат ижтимоий кайфиятни яхши билиши, жамиятнинг ўзига билдириб бориши ва муаммоли нуқталар борасида жиддий ишлаши керак бўлади.
Ўзбекистонда кейинги 8-9 йилда колоссал ишлар қилинди. Ижтимоий фикрда ҳам катта ижобий ўзгаришлар бўлди ва бўлмоқда. Бироқ, узоқ асрлар давомида шаклланган давлатга ишончсизлик руҳияти – Ўзбекистон ижтимоий фикридаги ўзига хосликлардан бири. Мана шу нуқсонни ўзгартириш – давлат ва жамият ўртасидаги ишонч руҳиятини кучайтириш, натижада тарихий-сиёсий лойиҳалар қилишга имконият беради.
Қисқа қилиб айтганда, биз ўзимизни, нималар ҳақида қандай ўйлаётганимизни жиддий ўрганишимиз, ўзимизни жиддий билишимиз ва келажак учун қандай ўйласак яхши бўлиши борасида аниқ тасаввурга эга бўлишимиз керак. Лекин ҳозирча, энг катта бўшлиқларимиздан бири ҳам шу.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Мавзуга оид
16:18 / 12.02.2025
Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади
15:05 / 21.02.2023
“Ўзбекистонликларни тинглаймиз” — Жаҳон банки навбатдаги сўров натижаларини эълон қилди
17:30 / 25.09.2022
Жамоатчилик ғалабаси: омма фикри билан ҳисоблашилаётгани ростми?
17:01 / 29.01.2022