Тонировка
Бу масала ҳам жуда узоқ “чайналди”. Қизиқ жиҳати – маълум онларда ҳатто UzAuto Motors монополиясидан ҳам кўпроқ муҳокама қилинди. Автомобили борлар ҳам, йўқлар ҳам шу қадар норозилик билдиришдики, “бахт мезони қорайтирилган ойнада” деб ўйлаб қолиш даражасига етилди.
Ва ниҳоят бу ерда ҳам муаммо президент даражасига олиб чиқилди ва бир кунда, бир дақиқада ечим топди. 1 июлдан автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул бўлди, олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилди. Ўша кунлари бир ажиотаж бўлгани рост. Аммо ҳозирга келиб тонировка қилиш ҳам, унга қизиқиш ҳам анча сусайган. Аслини олганда ўша тақиқлар ва қиммат нархларгина катта эътиборни жалб қилиб тургани аён бўлмоқда.
Мактаб формаси
Ҳар мавсумда такрор бўладиган бу муаммо аслида тугал ечилмаган. Шунчаки тиш оғриғи қолдирилди, даволанмади. Чунки мактаб формаси бўйича қарор амалда, унга кўра рўмол масаласи очиқ турибди. Ҳар бир мактаб раҳбари вақти келса антиқаҳрамонга айланиб қолиши мумкин.
Мактаб формаси, айниқса рўмол ёз бўйи муҳокама марказида бўлди ва мактаблар очилиши олдидан ечим топилди. Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов миллий қадриятлардан келиб чиқиб, ўқувчи-қизларнинг мактабга очиқ рангдаги миллий рўмолни бошнинг орқа томонидан ўраган ҳолда келиши ман этилмаслигини билдирди. Аммо тез орада бу баёнот ҳукумат қарорига зидлиги эсга олинди.
Яна вазирнинг ўзи бу масала ҳам ечилишини маълум қилди ва жорий йил 8 август куни ҳукумат қарорига тегишли ўзгаришлар албатта киритилиши, бу фақат вақт масаласи эканини айтди.
Экологик фаоллик
Бу кўпроқ глобал муаммонинг локал кўринишларига жамоатчиликнинг кескин реакцияси билан намоён бўлмоқда. Дарахтлар кесилиши, уларга зарар етказилиши ҳамон катта масштабларда давом этаётган бўлса-да, ҳолатларга аҳоли норозилиги акс этиши, бунинг ортида турли чоралар кўрилиши ҳам кўп кўзга ташланяпти.










