Спорт | 20:07
3381
2 дақиқада ўқилади

Жаҳон чемпионлари Гулшан Алимарданова ва Нажмиддин Қосимхўжаевга автомобил совға қилинди

Каратэ ва таэквондо бўйича жаҳон чемпионлари Гулшан Алимарданова ва Нажмиддин Қосимхўжаевга президент совғаси сифатида BYD русумли автомобиллар ҳамда 15 минг доллардан мукофот пули топширилган.

Фото: ЎзА

25 декабр куни Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида жаҳон чемпионатларида ғолиб чиққан ва совриндор бўлган спортчиларнинг навбатдаги гуруҳини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

ЎзА хабарига кўра, каратэ WKF бўйича жаҳон чемпиони Гулшан Алимардонова ҳамда таэквондо WT бўйича жаҳон чемпиони Нажмиддин Қосимхўжаевга президент совғаси сифатида BYD автомобиллари ва 15 минг доллардан пул мукофоти топширилган.

Гулшан Алимардонова ноябр ойи охирида Қоҳирада каратэ бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан ва Ўзбекистон тарихида жаҳон чемпионига айланганган илк каратэчи аёл бўлганди.

Нажмиддин Қосимхўжаев эса Хитойнинг Уси шаҳрида таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритганди.

Шунингдек, каратэ ва таэквондо бўйича жаҳон чемпионатлари совриндорлари Абдул Ваҳоб Рашидов, Светлана Осипова, Жаҳонгир Худойбердиевга, таэквондо WT бўйича мураббийлар Зайнобиддин Назаралиев ва Абдужаббор Ботировга, Ўзбекистон каратэ WKF ассоциацияси бош мураббийи Сулаймон Юсуповга ҳамда Ўзбекистон таэквондо WT жамоаси бош мураббийи Павел Ханга ҳам пул мукофотлари топширилган.

  • Эслатиб ўтамиз, жорий йил сентябр ойида ҳам бокс, оғир атлетика, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатларида совриндор бўлган жами 13 нафар спортчи ва уларнинг мураббийларига BYD автомобиллари ва пул мукофотлари топширилганди.
  • Октябрда эса Норвегиядаги жаҳон чемпионатида 3 та олтин медални қўлга киритиб, -110 кг вазн тоифасида мутлақ чемпионликка эришган Акбар Жўраев BYD автомобили ҳамда 15 минг доллар билан тақдирланган, мазкур йўналишда 2 та бронза медалига сазовор бўлган Руслан Нурудиновга эса 3750 доллар мукофоти берилганди.