Якунланган йил АҚШ Эронни бомбалади, Тел-Авив ва Теҳрон сўнгги 50 йилдаги энг жиддий урушни ўтказди. Сурияда Асад хукмронлиги тугаб, ҳокимият тепасига Ғарбга интилувчи кучлар келиши ортидан Россия ва Эрон таъсири кескин қисқарди. Исроилнинг "жабрдийда" мақоми глобал миқёсда ўзгаришга юз тутди. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Яқин Шарқ минтақасидаги ўзгаришлар ва яқин келажакдаги кутилмалар хусусида сўз юритишди.
Яқин Шарқ минтақаси ўтган 2025 йилда қанчалик ўзгарди?
Фарҳод Каримов: Яқин Шарқ минтақасида 2025 йилга келиб асосий, фундаментал муаммолар ўзгаргани йўқ. Фаластин масаласига янги муаммо қўшилмади. Бироқ минтақадаги кучлар мувозанатида жиддий ўзгаришлар юз берди. Хусусан, 2024 йил охирида Сурияда ҳукумат алмашинуви, Россия ва Эроннинг минтақадаги таъсирини сезиларли даражада чеклади. Бу ҳолат прокси кучлар фаолиятига ҳам бевосита таъсир кўрсатди. Кучлар балансидаги бу силжиш Исроилга муайян давр ва шароитда сиёсий ҳамда ҳарбий амалиётлар қилиш имконини берди. 2025 йилнинг энг муҳим жиҳатларидан бири айнан шу омил билан боғлиқ.
Иккинчи муҳим масала — Америка Қўшма Штатларининг минтақага очиқ ва фаол тарзда қайтишидир. АҚШ аввал ҳам минтақада мавжуд эди, бироқ Трамп даврида бу иштирок анча очиқ ва тизимли тус олди. Унинг Яқин Шарққа оид ўзига хос ёндашуви минтақадаги геосиёсий муҳитни сезиларли даражада ўзгартирди. Исроил–Ғазо можаросига келганда, Трампнинг ёндашуви Байден сиёсатидан тубдан фарқ қилди. Трамп бу муаммони фақат Исроил ва Фаластин доирасида эмас, балки араб давлатлари капитали ва сиёсий иштироки орқали ҳал қилиш тарафдори бўлди. Натижада Шарм аш-Шайх шаҳрида муайян келишувларга эришилди. Бу келишувлар Исроилга нисбатан ташқи босим ва хавфларни маълум даражада камайтирди.
Шу билан бирга, АҚШ президентининг Кўрфаз араб давлатларига ташрифлари ҳамда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг АҚШга сафари Америка Қўшма Штатларининг минтақадаги таъсир доираси ва йўналишларини янада мустаҳкамлади. Натижада қатор умумий келишувлар юзага келди. Бу келишувлар Фаластин–Ғазо муаммосини сиёсий кун тартибида иккинчи планга сурди. Сўнгги икки ой ичида медиа маконида Ғазо масаласининг кескин камайиб кетиши айнан шу билан изоҳланади. Бироқ реал вазият ўзгаргани йўқ. Ғазода ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда, қурбонлар бор, уруш тўхтагани йўқ. Шарм аш-Шайх келишувининг асосий ютуғи — Ғазога гуманитар ёрдам кириб келиши ва очликнинг нисбатан жиловлангани бўлди. Умуман олганда эса, Яқин Шарқдаги сиёсий манзара ўзгармади, фақат кучлар баланси қайта шаклланди.














