Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзини дистрибьютор деб танитган Хайрулло Шокиров йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда
Тошкент шаҳри ИИББ ижтимоий тармоқларда Хайрулло Шокиров номи билан танилган шахснинг фаолияти юзасидан тергов бошлади. У анор шарбати ва бошқа ичимликлардан катта фойда ваъда қилиб, фуқароларнинг маблағларини ўзлаштирганликда гумонланмоқда.
Фото: Тошкент шаҳри ИИББ
Ижтимоий тармоқларда ўзини дистрибьютор деб танитган Хайрулло Шокиров йирик миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик) билан жиноят иши тергов қилинмоқда.
Тергов жараёнида аниқланишича, 1986 йилда туғилган Хайрулла Убайдуллаевич Шокиров алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Instagram, Telegram ҳамда YouTube платформаларида Xayrullo Shokirov номли профил орқали ўзини йирик дистрибьютор ва тадбиркор сифатида таништирган.
Тармоқлардаги саҳифаларида Хайрулла Шокиров ушбу фаолият билан 2004 йилдан буён шуғулланиб келишини айтган.
«У гўёки чет элдан катта миқдорда анор шарбати ва салқин ичимликлар олиб кириб, уларни Ўзбекистон ҳудудидаги савдо нуқталарига етказиб бериш ваколатига эга экани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган. Фуқароларга дистрибьюторлик орқали топган даромадидан катта фоизларни ваъда қилиб, алдаш йўли билан уларнинг ишончига кириб, жуда кўп миқдорда моддий зарар етказган», – дейилади хабарда.
Мазкур жиноят иши бўйича Шокиров гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
ИИББ мазкур шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрганлар ёки ушбу ҳолатлар бўйича бирор маълумотга эга бўлганлардан Тергов бошқармасининг 71−206−40−99, 71−206−42−52 рақамларига ёки 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишни сўради. Бошқарма мурожаат жиноятни тўлиқ фош этиш ва адолатни таъминлашга хизмат қилиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Мавзуга оид
12:50
Bild: Германияда виза фирибгарлиги ҳолатлари икки бараварга ошди
14:57 / 26.12.2025
Кредит олишга тақиқни қандай расмийлаштириш мумкин?
18:28 / 25.12.2025
“Credit House” ишида суд бошланди: биринчи кун қандай ўтди?
16:54 / 25.12.2025