Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Янги йилнинг биринчи кунлари баҳорга ишора гўё – синоптиклар қуруқ баҳорни прогноз қилмоқда
Январнинг биринчи ўн кунлиги илиқ ва қуруқ ўтиши кутилмоқда. Ҳафта бошларидаги иссиқ ҳарорат ортидан Туркманистон орқали жанубий циклоннинг минтақага кириб келиши, 31 декабрда ёмғирли илиқ ҳаво бўлиши ойдинлашмоқда. Kun.uz'да об-ҳаво прогнози билан – иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов.
Кўплаб халқаро об-ҳаво прогноз марказлари ҳамда турли аломатлардан келиб чиқиб, 2026 йилнинг баҳори илиқроқ бўлиши ойдинлашмоқда. Январдан июн ойига қадар деярли барча ойларда ойлик ҳарорат кўп йиллик иқлимий меъёрдан юқори ҳамда қуруқ бўлиши билан боғлиқ кутилмалар эълон қилинмоқда. Зотан Тинч океани марказида сув ҳарорати нейтрал ҳолатда бўлиши тахмин қилинмоқда.
Янги 2026 йил баҳори кўп эҳтимол билан 2018 ва 2021 йилнинг баҳорига ўхшаб кетади. Баҳор ойлари боши учун қишлоқ хўжалигига зарба берувчи аномал совуқлар кутилмаси бўлмаса-да, илиқ қиш ортидан эрта вегетация даврига кириб қолган дов-дарахтлар шимол, шимолий-ғарбдан бостириб келувчи битта бўлса ҳам совуқ оқимдан азият чекади.
Апрелда сел-сув тошқин ҳодисаларига мойиллик – кучли жадал ёғинлар бўлиши кутилмоқда. Баҳор ойлари меъёрдан юқори илиқ келиши ҳисобга олинса, ёғинлар майин – узоқ давом этувчи бўлмаслигини, кучли ёмғирлар қисқа муддатли бўлишини айтиб ўтиш мумкин. Май ойидаги қуруқ ва иссиқ об-ҳаво муҳити жойларда чигиртка босқинига мойилликни оширади.