Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
"Барча ислоҳотларимиз узоқ муддатли, тез натижа бергани бу - экология" - Саида Мирзиёева
Таълим, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ соҳасига оид лойиҳалар натижа бериши учун кўп вақт керак бўлади. Бу лойиҳаларни доим назоратимда ушлайман. Қисқа фурсатда ижобий ўзгариш қилолганимиз экология масаласи бўлди. Бизнесга экологиянинг муҳим эканлигини тушунтира олдик. Экология — бу маданият. Бунда фақат жарима ёки доимий назорат эмас, тушунтириш ва талабни тўғри етказиш ҳам муҳим.
Фото: Видеодан кадр
Экологияни асрашга фақат корхоналар эмас, оддий фуқаролар ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак — масъулият ҳар кимнинг ўзидан бошланади. Бу йўналишдаги чоралар узоқ муддатда барқарор бўлиши учун экологияни одат ва кундалик маданиятга айлантириш керак, дейди Мирзиёева.
Саида Мирзиёева интервюда бошланган кўплаб ислоҳотлар узоқ муддатни кўзлаганини, уларда натижалар кўрина бошлаши учун вақт кераклигини айтди. Охирги пайтларда энг тез ва кўринадиган натижа берган ташаббуслардан бири экология йўналиши бўлганини таъкидлади. Тошкентда экологик вазият ёмонлашгач қисқа вақт ичида кескин чоралар кўриш учун барча ресурслар сафарбар қилинган ва президент томонидан керакли қарорлар учун “яшил чироқ” берилган. “Ўша кечаёқ бизга керак бўлган нарсаларнинг барчасига рухсат бўлди”, деган мазмунда фикр билдирди у.
Мирзиёеванинг таъкидлашича, шундан сўнг атроф-муҳит муҳофазасига бўлган ёндашув даражаси оширилди: масъул идоралар фаоллиги кучайтирилди, назорат “қаттиқ назорат” шаклига ўтказилди. У рейдлар ва текширувлар орқали экологик талабларга риоя этилишини таъминлашга ҳаракат қилинганини, бу эса тез фурсатда сезиларли ўзгариш берганини айтди. Унинг фикрича, тизимли ҳаракат ва қатъий ижро бўлса, қисқа муддатда ҳам натижа кўриш мумкин.
Саида Мирзиёева экологик барқарорликни таъминлашда бизнеснинг ролига алоҳида урғу берди. Унинг айтишича, корхоналар фильтр ўрнатиши ва меъёрларга амал қилиши шарт — бу давлатники бўладими ёки хусусий секторники, фарқи йўқ. “Экология — бу маданият”, деди у, яъни иш юритиш маданияти, масъулият ва жамоатчилик олдидаги бурч сифатида қабул қилиниши керак. Мирзиёеванинг таъкидлашича, бу жараёнда фақат жарима ёки назорат эмас, тушунтириш ва талабни тўғри етказиш ҳам муҳим.
Интервьюда у транспорт масаласига ҳам тўхталиб, автомобиллар билан боғлиқ экологик чоралар ҳам кўриб чиқилишини айтди. Унинг фикрича, фақат корхоналар эмас, оддий фуқаролар ҳам ўз ҳиссасини қўшиши керак — масъулият ҳар кимнинг ўзидан бошланади. “Ковид даврида ҳаво тозаланиб, табиат "ўзини тиклагани"ни кўрдик — демак, бу масала ҳал бўладиган нарса”, деган мазмунда фикр билдирди у.
Саида Мирзиёева шахсий ҳаётдан мисол келтириб, экологик ёндашувни уйида ҳам қўллашини айтди. У уйини кўп иситмаслигини, энергияни тежаш ва иссиқликка ортиқча ўрганиб қолмаслик кераклигини таъкидлади. Мирзиёеванинг айтишича, 21–23 даража — инсон саломатлиги учун энг мақбул ҳарорат, буни сақлаш ҳам иқтисодий, ҳам экологик жиҳатдан тўғри. “Болалар ҳам чиниқади”, деди у ва Европа ҳамда Кореяда иситиш маданияти бошқача эканини мисол қилиб келтирди: айрим жойларда подъездлар иситилмайди, хонадонларда ҳам тежамкорликка қаттиқ амал қилинади. Унинг фикрича, бу тажрибадан Ўзбекистонда ҳам муайян хулосалар чиқариш мумкин.
Мирзиёева мазкур йўналишдаги чоралар узоқ муддатда барқарор бўлиши учун экологияни одат ва кундалик маданиятга айлантириш кераклигини қайд этди. Унинг таъкидлашича, бу жараён бир кунда эмас, босқичма-босқич шаклланади, аммо бугун қилинган қатъий қадамлар эртанги натижалар учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Мавзуга оид
09:46
“Мақсадимиз — халқ ҳаётини яхшилаш”: Саида Мирзиёевадан илк катта интервю
11:28 / 31.12.2025
Экология, медиамакон ва дипломатия. 2025 йилги Ўзбекистон – фаоллар нигоҳида
15:03 / 20.12.2025
Саида Мирзиёева “Сеҳрландия” мултфилми ҳақида: “Бу – биринчи қадам”
20:18 / 19.12.2025