Ўзбекистон | 21:22
743
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева Лондонда нуфусли халқаро молия ташкилотлари раҳбарлари ва сиёсатчилар билан учрашувлар ўтказди

Буюк Британия Бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс билан учрашувда UzNIF фондининг жаҳон бозорларига муваффақиятли кириб боргани ҳамда Британия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши ортиб бораётгани муҳокама қилинди.

Бугун, 18 май куни, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Буюк Британия Бош вазирининг инвестициялар бўйича маслаҳатчиси Варун Чандра ҳамда Марказий Осиё ва Озарбайжон бўйича савдо вакили лорд Жон Олдердайс билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида UzNIF  фондининг жаҳон бозорларига муваффақиятли кириб боргани ҳамда Британия ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқиши муттасил ортиб бораётгани муҳокама қилинди.

Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva

Шинингдек, Саида Мирзиёева дунёдаги активларни бошқарувчи энг йирик компаниялардан бири — “Franklin Templeton” бош ижрочи директори Женни Жонсон билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, молиявий бошқарув соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро клиринг тизимлари билан интеграциялашув ҳамда Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида келишувга ҳам эришилди.

 “Жонсон хоним IPO’га тайёргарликдек мураккаб жараённи жуда қисқа муддатда амалга оширганимизни ҳамда компанияларимиз акциялари савдоси аъло даражадаги натижалар кўрсатаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди”, дея ёзди Саида Мирзиёева.

Бундан ташқари, президент администрацияси раҳбарининг Лондон фонд биржаси бош ижрочи директори Жулия Энн Хоггетт билан учрашувда Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармасининг LSE платформасига муваффақиятли чиққани, шунингдек, барқарор молиялаштириш, ESG стандартлари, “яшил” облигациялар ҳамда ўзбек компанияларини глобал бозорларда ишлашга тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

“Хоггетт хонимнинг сўзларига кўра, бу Лондон биржасида сўнгги 5 йил ичидаги энг йирик IPO жойлаштируви бўлиб, мамлакатимиз жадал ривожланиб бораётганининг ёрқин кўрсаткичидир. Бундай муваффақият глобал инвесторлар Президентимиз ислоҳотлари натижасини амалда кўраётгани ва мамлакатимиз иқтисодиётига ишонч билдираётганини яққол тасдиқлайди”, дея ёзди Саида Мирзиёева.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид