Жаҳон | 20:24 / 05.01.2026
11252
2 дақиқада ўқилади

Туркияда гиёҳвандлик ва фоҳишалик иши доирасида машҳур сериаллар актёрлари ҳибсга олинди

Энг кўп муҳокама қилинган шахслардан бири «Муҳташам юз йил» тарихий сериалидаги Ойбика хотун роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Эзги Эйюбўғли бўлди.

Эзги Эйюбўғли

Туркияда Истанбул ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилаётган шов-шувли тергов давом этмоқда, унинг доирасида жамоатчиликка таниқли шоу-бизнес вакилларининг исмлари пайдо бўлди.

Йирик турк ва халқаро оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, гап гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ иш, шунингдек, тергов «фоҳишаликка кўмаклашиш» деб таснифлаган эпизодлар ҳақида кетмоқда.

Энг кўп муҳокама қилинган шахслардан бири «Муҳташам юз йил» тарихий сериалидаги Ойбика хотун роли билан томошабинларга яхши таниш бўлган актриса Эзги Эйюбўғли бўлди. Euronews ва Haberler нашрлари маълумотларига кўра, Эйюбоглу навбатдаги полиция операцияси давомида қўлга олинган ва кўрсатма бериш учун олиб кетилган. ОАВ материалларида таъкидланишича, актриса гиёҳванд моддаларни шахсий истеъмол учун сотиб олишда гумонланувчи сифатида терговга жалб қилинган. Оғирроқ айбловлар - гиёҳванд моддаларни тарқатиш ва фоҳишалик билан шуғулланишни ташкил этиш - терговнинг бошқа иштирокчиларига қўйилган.

Маълум қилинишича, процессуал ҳаракатлар ва экспертизалар ўтказилганидан сўнг, актриса суд назорати остида қўйиб юборилган. Ҳимоя вакилларининг таъкидлашича, Эзги Эйюбўғли жиноий фаолиятга алоқадорлигини рад этмоқда ва ўзининг айбсизлигини қонунда белгиланган тартибда исботлашни кутмоқда.

Худди шу тергов доирасида машҳур «Қизил шарбат» драматик сериалида асосий роллардан бирини ижро этган актёр Догукан Гюнгёрнинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам хабар берилди. Türkiye Today нашрининг ёзишича, Гюнгёр кўрсатма бериш учун Истанбулдаги полиция бўлимига олиб кетилган. Шу билан бирга, унга қўйилган расмий айбловлар ҳозирча оммага эълон қилинмагани, унинг процессуал мақоми ҳам номаълум.

Тергов давом этмоқда, иш бўйича барча иштирокчиларга нисбатан якуний процессуал қарорлар ҳали қабул қилинмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид