Декабр охирида Саудия бошчилигидаги коалиция Ямандаги БАА кемаларига зарба берди. Бу – Яман инқирозининг шунчаки ҳусийлар ва ҳукумат қарама-қаршилиги эмас, балки мураккаб минтақавий рақобат маҳсули эканини яна бир бор кўрсатиб берди. Kun.uz бу мавзу шарҳи учун “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчиларга юзланди.

Экспертларга кўра, сўнгги йилларда Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Яманда тинчлик ўрнатиш учун бир фронтда ҳаракат қилгандек кўринса-да, аслида уларнинг стратегик манфаатлари тобора тўқнаш келмоқда.

— Саудия Арабистони ва БАА Яманда нега тўқнашди?

Шавкат Икромов: Бу воқеалар кутилмаган эмас эди. Яман атрофидаги кескинлик йиллар давомида шаклланиб келган ва қачондир очиқ тўқнашувга олиб келиши аниқ бўлган. Мамлакат узоқ вақт халқаро эътибордан четда қолгандек туюлган бўлса-да, ички зиддиятлар доим сақланиб келган. Жараёнлар 2011 йилги Араб баҳори билан бошланди. Бу тўлқин Яманда нисбатан муваффақиятли кечди ва 2014 йилда ҳусийлар исёни натижасида амалдаги ҳукумат ағдарилди.

Ҳусийлар – шиаликнинг алоҳида йўналишига мансуб, Эрон билан яқин алоқаларга эга ҳаракат. Улар ҳокимиятнинг муҳим қисмини эгаллагач, 2015 йилда Саудия Арабистони бошчилигида 9 та араб давлатидан иборат коалиция Яманга ҳарбий аралашувни бошлади. Расмий баёнотларда бу операция қисқа муддатли бўлиши, мамлакатда легитим ҳукумат ўрнатилгач, қўшинлар олиб чиқилиши айтилган эди. Бироқ Саудия Арабистони Яманнинг мураккаб ижтимоий ва тарихий тузилишини етарлича инобатга олмади. Яман асосан тоғли ҳудудлардан иборат бўлиб, асрлар давомида қабилавий бошқарув устун бўлиб келган. Марказлашган ҳокимият бу ерда ҳеч қачон тўлиқ ишламаган: қабилалар ўз ҳудудларини мустақил назорат қилади, марказий ҳокимият билан эса фақат шартли келишувлар асосида муносабат юритади.

2019 йилга келиб Саудия Арабистони ҳарбий йўл билан ғалабага эришиб бўлмаслигини англаб етди. Коалиция ичида ҳам парокандалик кучайди: Судан қўшинларини олиб чиқди, Қатар чекинишни бошлади. Шу фонда ар-Риёд музокараларга ўтишга мажбур бўлди. Қолаверса, ҳусийлар Эрон билан келишган ҳолда Саудия нефт инфратузилмасига зарбалар бериб, мамлакат даромадларига жиддий зарар етказган эди. Музокаралар натижасида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Яман томонлари федерал тузилишга асосланган келишувга яқинлашди. Жанубга муайян автономия берилиши, ҳусийларнинг ҳам бошқарувда иштироки назарда тутилган эди. Дастлаб бу модел нисбатан барқарорлик олиб келгандек бўлди. Аммо орадан вақт ўтиб, ҳусийлар Эрон кўмагида яна кучайди, пойтахтни ва мамлакатнинг муҳим ҳудудларини эгаллади.