АҚШ армияси ва флотининг Венесуэла президенти Николас Мадурони қўлга олиш бўйича ўтказган амалиёти ўта муваффақиятли ўтиб, жиддий йўқотишларсиз якунланди. Нафақат узоқ ва машаққатли режалаштириш, балки мақсадлар нисбатан камтарона бўлгани туфайли ҳам бунинг имкони бўлди: Доналд Трамп маъмурияти ҳозирча «чавесчилар» режимини буткул ағдариб, вақтинчага бўлса ҳам мамлакат ҳудудини оккупация қилмоқчи эмас. Йўқотишларнинг йўқлигидан кўра айнан шу жиҳати – Каракасга қилинган рейдни катта қўшинларни жалб қилиб ўтказилган бошқа операциялардан (Американинг Кариб денгизи ва дунёнинг бошқа минтақаларидаги, шунингдек, советлар ва Россиянинг Афғонистон ҳамда Украинадаги операцияларидан) ажратиб туради.

Бундай амалиётлардан нисбатан муваффақиятли намуналар сифатида АҚШнинг «Ал-Қоида» раҳбари Усама бин Лодин ҳамда ИШИД «халифаси» Абу Бакр ал-Бағдодийни йўқ қилиш учун ўтказган операцияларини келтириш мумкин. Лекин мураккаблик даражасида ҳам фарқ бор эди: Мадуро олдинги нишонлардан фарқли ўлароқ, шунчаки дўстона давлат ҳудудида эмас, балки ўз мамлакати пойтахтидаги ҳарбий база ичида жойлашганди.

Оккупация ва режимни ўзгартириш бўйича қатъий ҳаракатлар йўқлиги операциянинг сиёсий ва стратегик қийматини пасайтиради. Трамп маъмурияти Венесуэла ҳукумати Мадуро йўқлигида ва унинг тақдирига шерик бўлиш хавфи остида Вашингтонга бўйсунишини кутмоқда. Ҳозирча бунга умид қилиш қанчалик ўзини оқлаганини баҳолаш қийин.

Бу қанчалик ноёб амалиёт?

АҚШ олдин ҳам ўзига маъқул бўлмаган сиёсатчилар ва давлат раҳбарларини ағдариш ва қўлга олиш билан шуғулланган. Жумладан, Кариб денгизи ҳавзасида ҳам. Хусусан, 1983 йилда АҚШ армияси Гренада орол давлатини (СССР ва Куба томонидан қўлланган социалистик давлат) эгаллаб олган, 1989 йил декабри ва 1990 йил январида Панама диктатори Мануэл Норегани ағдарган. Кейинроқ у АҚШга гиёҳванд моддалар контрабандасини ташкиллаштиришда айбланиб (ҳозирда Мадуро ҳам шундай жиноятларда айбланмоқда), узоқ муддатга қамалган. Икки ҳолатда ҳам АҚШ амалиёт кўча жангларига айланиб, ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасидаги йўқотишлар (ўнлаб кишилар) ҳамда жиддий вайронгарчиликлар билан кечган. Ҳарбий ҳаракатларга ўн минглаб аскарлар жалб этилган. Икки амалиёт якунида ҳам ҳокимият куч билан ўзгартирилган.

Американинг «Иводзима» универсал десант кемаси Венесуэла қирғоқлари яқинига жойлаштирилди. Унинг палубасида махсус операциялар учун вертолётларни олиб юриши мумкин. Фото: AFP

Шу билан бирга, АҚШда бундай амалиётлардаги муваффақиятсизлик тажрибаси ҳам бор – 1993 йилда вертолётларда Могадишога туширилган махсус топшириқли бўлинма «Сомали миллий алянси»нинг икки амалдорини қўлга олишга уринган, аммо якунда амалиёт кўча жангларига айланиб кетиб, америкалик 18 аскар ҳалок бўлган.