Жаҳон | 13:56 / 08.01.2026
1067
5 дақиқада ўқилади

Собиқ депутат Россия Конституциявий судида “чет эл агентлари” ҳақидаги қонунга қарши чиқди

Москва шаҳар думасининг собиқ депутати Михаил Тимонов хорижий молиялаштириш бўлмаса ҳам “чет эл агенти” деб топишга имкон берадиган қоидаларни текширишни сўрамоқда. Унинг фикрича, қонун Конституцияни бузади ва уни ўзбошимчалик билан қўллашга йўл очади.

Фото: RFE / RL

Москва шаҳар думаси собиқ депутати Михаил Тимонов 2023 йилда “чет эл агенти” деб эълон қилинганидан сўнг, РФ Конституциявий судига мурожаат қилиб, “чет эл агентлари” ҳақидаги қонуннинг айрим қоидалари Конституцияга мос ёки мос эмаслигини баҳолашни сўради. Бу ҳақда у 6 январ, сешанба куни кечқурун Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида хабар қилди.

Тимонов инсонни хориждан молия (маблағ) олмаган бўлса ҳам “чет эл агенти” деб топишга имконият берадиган нормаларга қарши чиқмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу қоидалар Россия Конституциясини бузади ва ҳуқуқни қўллашда ўзбошимчаликка шароит яратади.

Собиқ депутат таъкидлашича, “чет эл агентлари” ҳақидаги қонунни Россия президенти, парламент ва ҳуқуқни қўлловчилар турлича талқин қилади, шунингдек у “кенг кўламли ўзбошимчалик ва судсиз жазолаш учун энг кенг шароитларни яратади”.

Михаил Тимонов Конституциявий суддан хориждан пул ёки мол-мулк олмаган шахсни ҳам “чет эл агенти” деб тан олишга йўл қўядиган нормаларга баҳо беришни сўради, шунингдек оммавий ҳокимиятнинг вакиллик органи депутати ҳам “чет эл агенти” деб топилиши мумкинлиги ҳақидаги имкониятга ҳам қарши чиқди.

Тимонов бутун қонунни конституцияга зид деб ҳисоблашини айтди, бироқ у фақат ўзига бевосита таъсир қилган қоидаларгагина қарши чиқа олишини таъкидлади. Унинг айтишича, унга ва яна бир қатор сиёсатчиларга хорижий манбалардан моддий фойда олгани айб сифатида қўйилмаган. Тимоновнинг сўзларига кўра, “чет эл агенти” мақоми унга, Москва шаҳар думаси собиқ депутатлари Даря Беседина ва Евгений Ступинга, шунингдек сиёсатчилар Борис Вишневский ва Лев Шлосбергга “хорижий таъсир остида бўлиш” деган иборага асосланиб берилган.

Михаил Тимонов тушунтиришича, уни “чет эл агенти” деб топишга асос бўлган нарса — у аввалдан “чет эл агенти” мақоми берилган шахсларга икки марта интервю бергани. “Гўё улар менга ўз фикримни билдириш учун майдон берган ва шу тариқа — мени қўллаб-қувватлаган экан. Ниҳоятда ғалати позиция! Шу мантиққа кўра, хорижий журналистларга интервю берадиган Россиянинг барча олий раҳбарлари ҳам ‘чет эл агенти’ бўлиб чиқади!” — дея қайд этди Тимонов.

У бу мантиқни ноаниқ ва исботлаб бўлмайдиган деб атаб, бундай талқин хорижий таъсир деб хорижий манбалар билан ҳар қандай шаклдаги ўзаро алоқани ҳам ҳисоблаш имконини беришини айтди.

Собиқ депутат, шунингдек, “чет эл агентлари” қонуни юзасидан РФ Конституциявий судига Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси собиқ депутати Борис Вишневский ва “Яблоко” партияси раиси ўринбосари Лев Шлосберг ҳам мурожаат қилганини билдирди.

Россия президенти Владимир Путин аввалроқ “чет эл агентлари” ҳақидаги қонун АҚШда 1940-йилларда ўйлаб топилганини айтган ва Россияда, унинг сўзларига кўра, бу мақомнинг ўзи учун қамоқ жазоси назарда тутилмаганини таъкидлаган.

Бироқ “чет эл агенти” мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ҳақидаги Жиноят кодекси моддаси ҳақиқий озодликдан маҳрум қилиш жазосини — 2 йилгача муддатни назарда тутади. Шу модда бўйича журналист Юрий Дуд ва сиёсатчи Иля Яшин сиртдан 1 йил-у 10 ой муддатга колония жазосига ҳукм қилинган, ёзувчи Григорий Чхартишвили (Борис Акунин) эса сиртдан 1 йилга ҳукм қилинган. “Бўйин товлаш” деб ҳатто ижтимоий тармоқдаги исталган материални — шу жумладан мутлақо шахсий мазмундагисини ҳам муаллиф “чет эл агенти” деб тан олингани ҳақидаги кўрсатмасиз эълон қилиш ҳам ҳисобланади.

Россия қонунчилиги “хорижий таъсир” остида бўлган шахсни “чет эл агенти” деб топишга йўл қўяди, “хорижий таъсир” деганда хорижий манбалар томонидан қўллаб-қувватлаш кўрсатилиши ёки бошқа турдаги таъсир ўтказилиши, жумладан ишонтириш ёхуд таъсирнинг бошқа шакллари тушунилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид