Жаҳон | 16:19 / 09.01.2026
3661
4 дақиқада ўқилади

Да Винчига тегишли бўлиши мумкин: расмда ДНК изи топилди

Олимлар Леонардо да Винчига тегишли бўлиши эҳтимол қилинган расмда генетик из (ДНК изи)ни аниқлади.

Фото: AP

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи Леонардо да Винчига тегишли бўлиши эҳтимол қилинган расмда ДНК изларини аниқлади. Бу ҳақда 8 январ, пайшанба куни dpa ахборот агентлиги хабар берди. Дастлабки тадқиқот расмдаги намуна билан рассом оиласининг генетик материаллари ўртасида боғлиқлик борлигини кўрсатган. Потенциал равишда сенсацион ҳисобланадиган бу топилма синчиклаб текшириш ва қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.

ДНК излари хусусий коллекцияда сақланадиган “Муқаддас гўдак” (1452–1519) номли расмда топилган. Унда қизғиш-қўнғир рангли мелли қалам — сангина билан ишланган бола боши тасвирланган (Ренессанс санъатига хос услуб). АҚШдаги Ж.Крейг Вентер институти (J. Craig Venter Institute) олимларидан Хариндер Сингх раҳбарлигида тадқиқотчилар ниҳоятда эҳтиёткор усуллар ёрдамида қоғоз варақнинг олд ва орқа томонидан микроскопик намуна олган ва замонавий технологиялар билан таҳлил қилган.

Тадқиқотчилар бактериялар, замбуруғлар, ўсимликлар ва ҳайвонларга тегишли ДНКдан ташқари, инсонга оид генетик материални ҳам аниқлаган. Улар айниқса ота томондан, эркаклар линияси бўйича мерос бўлиб ўтадиган Y-хромосома бўлакларига эътибор қаратган.

Бироқ расмнинг аниқ муаллифлиги маълум эмас: санъатшунослик муҳитида бу масала баҳсли бўлиб қолмоқда ва расм бўйича фақат тахминан Леонардо да Винчига нисбат берилади.

Шунга қарамай, қуйидаги топилма бу назария фойдасига далил бўлиши мумкин: рассомнинг амакиваччасининг қадимий хатида шунга ўхшаш ДНК фрагментлари аниқланган. Бу генетик “маркер”лар Тоскана — да Винчи келиб чиққан ҳудуд линияси билан боғланади.

Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари таъкидлашича, ДНК фрагментлари қаттиқ шикастланган ва назарий жиҳатдан асрлар давомида ушбу объектларга тегган турли одамларга ҳам тегишли бўлиши мумкин.

Леонардо да Винчига нисбат бериладиган 20 тадан камроқ асар маълум. Улар орасида “Мона Лиза” ва “Сўнгги кечки овқат” энг машҳурлари ҳисобланади.

Science журнали суҳбатлашган мустақил экспертлар хулосаларга эҳтиёткорлик билан ёндашган. Уларнинг айтишича, да Винчининг ўз ишончли генетик “эталони” бўлмагани учун топилган изларни аниқ равишда айнан рассомнинг ўзи билан боғлаб бўлмайди. Да Винчининг Франциядаги Амбуаз шаҳридаги дафн жойи 19-асрда бир неча бор вайрон қилинган, шунингдек да Винчининг тўғридан тўғри авлодлари бўлмаган.

Тадқиқотчилар гуруҳи — турли мамлакатлардан 30 нафардан ортиқ олим, жумладан генетиклар, антропологлар, археологлар ва санъатшунослар да Винчи ДНКсини излаш ишларини давом эттирмоқда ва бир неча йўналиш устида ишлаяпти. Жумладан, ҳозир тирик бўлган, да Винчи авлоди ҳисобланадиган ота томондан 15 нафар эркакнинг ДНКсини таҳлил қилиш режалаштирилган. Яна бир йўналиш — Тосканадаги Винчи шаҳарчасидаги черковда топилган инсон қолдиқлари: улар эҳтимол рассом оиласига тегишли бўлиши мумкин.

Олимлар, шунингдек, рассомнинг генетик материали да Винчининг “Атлантик кодекс” (Codex Atlanticus) қўлёзмасида сақланиб қолган бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди. 2238 саҳифадан иборат, Леонардонинг расмлари ва ёзувлари жамланган ушбу жилд Франция институти кутубхонасида сақланади.

Тадқиқотчиларни “Лестер кодекси” (Codex Leicester) ҳам қизиқтирмоқда — Леонардонинг илмий кузатувлари қайд этилган 72 саҳифалик дафтар. Уни Билл Гейтс 1994 йилда сотиб олган. Унинг саҳифаларидан бирида бармоқ изи топилган. Кўп йиллардан бери материалларга инвазив бўлмаган (яъни зарар етказмайдиган) тарзда кириш имконини бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Тадқиқот муаллифлари усулнинг чекловларини ҳам таъкидлайди: санъат асарлари юзасидаги “юпқа” ДНК ташқи ифлосланишга жуда мойил. Шунга қарамай, келажакда бундай биологик тадқиқотлар санъатшунослик экспертизасини тўлдириши мумкин — масалан, баҳсли асарларни муаллифлик (атрибуция) жиҳатидан аниқлашда ёки маданий меросни ҳимоя қилишда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид