Жаҳон | 11:17 / 18.01.2026
7946
8 дақиқада ўқилади

“Улар шохида юрса, биз баргида юрамиз” — Шерзодхон Қудратхўжа

Россия ТИВ сўзловчиси Соловёвнинг таҳдидли чиқишлари расмий Москванинг позициясини акс эттирмаслигини айтди. Шундай бўлса, ҳукумат уларнинг бу чиқишларига нисбатан нима учун ҳеч қандай очиқ танқид ёки чоралар кўрмайди? Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар мазкур мавзу хусусида сўз юритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Шерзодхон Қудратхўжа: Исм қисмат, дейдилар. “Соловей” исмининг маъноси — “булбул” дегани. Хўш, Соловёв ким? Мен уни Россиянинг 1943 йилдаги Левитани, деб атаган бўлардим. Аммо “бургага аччиқ қилиб кўрпани ёқма” деган мақол бор, афсуски, улар бундай ҳикматларни билишмайди. Соловёв “агар АҚШ Венесуэлани босиб олса, биз Марказий Осиё ва Арманистонни босиб оламиз”, деди. Эътибор беринг, негадир Озарбойжонни тилга олмади. Озарбойжон бугунги мустақил мавқейига жим ўтириб эришгани йўқ. Бу осон келмаган.

Бизда эса “андиша” кўпинча “қўрқоқлик” деб талқин қилинади. Мен шуни айтмоқчиманки, жамиятда ҳам, студияларда ҳам бундай ярамас баёнотларга нисбатан андиша қилмаслигимиз керак. Гап Ватан, сарҳад ва мустақиллик ҳақида кетаётганда сукут сақламаслигимиз керак. Тарихан биз кучли империяларнинг марказида турганмиз. Россия Ташқи ишлар вазирлиги Соловёвнинг Арманистон ва Марказий Осиё ҳақидаги “махсус ҳарбий операция” баёнотини расман қўллаб-қувватламаслиги олдиндан маълум эди. Чунки бу очиқчасига Марказий Осиё давлатларига уруш эълон қилиш билан баробар бўларди. Шу сабабли масала “олиб қочилди”, сиёсий ўйин қилинди.

Аммо Соловёвнинг гаплари қачондан “шахсий” фикрга айланиб қолди? У “Вести Радио”да, яъни давлат медиасида чиқиш қилган. Бутун пропаганда машинасининг марказида турган одам кечқурун шахсий каналда гапирса, бирданига “частное лицо” бўлиб қолмайди. У Жириновский билан баҳслашган, йиллар давомида уруш мафкурасини тайёрлаган шахс. Шунинг учун бу гапларни оддий фикр эмас, балки таҳдид сифатида қабул қилишимиз керак. Ахир Марказий Осиё ва Россия иттифоқчи ва стратегик шерик давлатлар. Агар Россия бугун биздан юз ўгирса, эртага Хитой ҳам юз ўгиради. Бутун Марказий Осиё воз кечса, Россия халқаро майдонда “қўл бериб бўлмайдиган” ҳолатга тушиб қолади.

Шуни Соловёв ўйладими? Бугун муносабатлар орасида девор кўтарилмоқда. Бу деворнинг ғиштини биз эмас, улар қўймоқда. Биз эса жим турибмиз. Бу жимликни Соловёв, Дугин, Прилепин, Смолин, Миронов ва Володин каби шахслар суиистеъмол қилмоқда. Шунинг учун бугун кўзлар очилиши керак: Марказий Осиёга нисбатан бундай муносабатни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.

Яна бир масала: “Ўрта Осиё” атамасидан ҳам воз кечиш вақти келди. Бу русча “ўртамиёна Осиё” деган маънони англатади. Биз Буюк Осиёмиз, Буюк Турон, Буюк Туркистонмиз. Бугун Ўзбекистонда аҳоли кўпаймоқда, иқтисод ўсмоқда. Аммо ҳар куни минглаб янги иш ўрни яратиш қийин. Шунинг учун ёшларимиз билим олиб, дунёнинг турли мамлакатларида ишласин. Аммо бу қарамлик эмас, имконият бўлсин. Бу вазиятни фожиа деб эмас, имконият деб кўриш керак. Қуллик кайфиятидан чиқиш ва мустақил фикрлаш вақти келди. Бугун Украинада бўлаётган воқеалар — эртага бошқа минтақаларга ҳам кўчиши мумкин. Шу боис Марказий Осиё ҳақида айтилаётган ҳар бир сўзга жиддий қарашимиз шарт.

Камолиддин Раббимов: Бу масалада бир нечта муҳим нуқталар бор. Аввало, расмий баёнотларда Мария Захарова Соловёвни очиқ танқид қилгани йўқ, фақат “у ўз фикрини шахсий каналда билдирди”, деган изоҳ билан чекланди. Аммо бу таъриф ҳақиқатга тўлиқ мос келмайди.

Гап шундаки, Соловёв шахсий блог ёки мустақил платформада эмас, балки “Радио Вести”да чиқиш қилган. “Вести” телеканали ва унга қарашли радио Россия давлатига тегишли йирик медиа корпорация ҳисобланади. Соловёв эса бу платформаларда доимий бошловчи сифатида фаолият юритади. У радиода анча эркин услубда гапиради, бироқ айнан шу формат орқали Кремлнинг қарашлари ва сиёсий тафаккури жамоатчиликка етказилади. Агар у ҳақиқатан ҳам давлат позициясини ифодаламаганида, камида эфирдан олиниши ёки ишдан бўшатилиши мумкин эди.

Демак, Соловёвнинг чиқишларини Россия расмий сиёсатидан бутунлай ажратиб кўрсатиш асоссиз. Умуман олганда, Россия сиёсий услубини яхши биламиз. Кремл атрофида жамоатчилик фикрини шакллантириб берадиган, империалистик ва шовинистик кайфиятни доимий равишда қўзғатиб турадиган бир қатор ноформал шахслар мавжуд. Илгари бу ролни Жириновский бажарган бўлса, бугун Соловёв, Киселёв каби шахслар шу вазифани давом эттирмоқда. Сўнгги 15–20 йил давомида Россия сиёсий тафаккурида миллатчилик ва агрессивлик даражаси тизимли равишда оширилди.

Путин даврида бу кўрсаткични кескин пасайтириш деярли имконсиз, чунки ташқи можаролар ва урушлар учун жамиятда доимий агрессив кайфият шакллантириб турилиши зарур. Бу жараён ўз-ўзидан юз бермайди, у давлат сиёсати даражасида олиб борилади. Соловёв эса айнан шу тизимнинг марказий фигураси ҳисобланади.

Бу ерда яна бир муҳим савол туғилади: нега айнан Арманистон ва Марказий Осиё тилга олинмоқда? Сабаби оддий. постсовет ҳудудида Россия билан энг ижобий муносабатларни айнан шу давлатлар сақлаб келмоқда. Болтиқбўйи мамлакатлари аллақачон Россия орбитасидан чиқиб, НАТО аъзоларига айланган. Украина эса ўз суверенитети учун очиқ уруш олиб бормоқда.

Арманистон ва Озарбойжон ўртасидаги сўнгги геосиёсий кескинликдан сўнг Ереван ҳам Москва билан мураккаб муносабатлар босқичига ўтди. Марказий Осиёнинг беш давлати эса постсовет ҳудудида Россияга нисбатан на очиқ, на яширин антироссиявий сиёсат юритмаган, энг конструктив минтақа бўлиб қолмоқда. Аммо Россия сиёсий тафаккурида бундай ижобий муносабат кўпинча “қўрқув” сифатида талқин қилинади. Яъни, “агар қаршилик йўқ бўлса, демак босим қилиш мумкин”, деган ёндашув мавжуд.

Шу сабабли ягона самарали йўл — Марказий Осиё давлатларининг бирлашган ҳолда, концептуал ва тизимли муносабат билдиришидир. Ягона баёнот ёки ҳиссий реакция етарли эмас. Озарбойжон бунга мисол бўла олади: у Россия билан муносабатларда бир йил давомида изчил сиёсий босим ўтказди ва натижада Путин Душанбеда Илҳом Алиевдан расман узр сўрашга мажбур бўлди.

Бугун Марказий Осиёда беш мустақил давлат бор. Шу кунларда ҳам президент томонидан ташқи ишлар идораларига фақат минимал даражада нота билан чекланиб қолмаслик, аввало ўз фуқароларининг шаъни ва ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилиш зарурлиги очиқ айтилди. Бу ёндашув сиёсий даражага кўтарилиши керак. Хулоса қилиб айтганда, биз сиёсий тафаккуримизни тубдан ўзгартиришимиз зарур. Ички ва ташқи сиёсат марказида инсон қадр-қиммати туриши керак. Фақат шундагина реал натижаларга эришиш мумкин, ҳам минтақавий, ҳам халқаро миқёсда.

Суҳбатни тўлиқ YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид