Александр Дугиннинг Марказий Осиё суверенитетини инкор қилиши – Россия элитаси ичидаги кайфиятни очиб беради. Чунки у оддий мафкурачи эмас, балки ўтакетган миллатчилик, империябозлик ва урушқоқликни сохта-илмий асословчи сиёсий фигурадир. “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида сиёсатшунослар бу пропагандачининг шовинистик фаолияти ва Кремлнинг тутумларига эътибор қаратди.

— Александр Дугин ким ва унинг баёнотлари нимани англатади?

Шуҳрат Расул: Бугунги Россия сиёсий элитаси дўстона муносабатлар ўрнатилган давлатларни ҳам аста-секин душман образига айлантириш билан шуғулланмоқда. Дугин, Соловёв, Прилепин каби шахслар вақти-вақти билан империячи ва шовинистик руҳдаги баёнотлар билан оммага чиқарилади, керак бўлса рағбатлантирилади, мукофотланади. Масалан, Соловёв янги йил арафасида Россиянинг энг олий орденларидан бири билан тақдирланган эди. Марказий Осиёга қарши баёнотлар билан Соловёвдан кейин саҳнага Александр Дугин чиқарилди.

Савол туғилади: Дугин ким? Аслида у маргинал қатламлар мафкурасининг тарғиботчиси ҳисобланади. Унинг 1990-йилларда Эдуард Лимонов билан бирга Национал-болшевиклар партиясига асос солган. Лимонов рус матбуотида ҳаддан ташқари маргиналлиги сабаб “Эдичка” лақаби билан танилган. Дугин узоқ вақт унинг энг яқин иттифоқчиси бўлган, кейинчалик йўллари ажралган. Бугун эса рус оммавий ахборот воситалари Дугинни постсовет Россиясидаги гўёки жиддий олим сифатида талқин қилади, унинг фаолияти ҳатто айрим манбаларда бўрттириб кўрсатилади. Аслида эса у кўчирмачи, ўзлаштирилган ғояларни “янги мафкура” сифатида тақдим этаётган шахсдир. Унинг асосий концепцияси “евросиёчилик”, XIX–XX аср бошларидаги империявий тафаккур, хусусан британиялик географ Макиндер назарияларининг деярли нусхасидир.

Макиндер дунёни қуруқлик (Heartland) ва денгиз (Rimland) кучларига ажратиб, уларнинг доимий қарама-қаршилигини тасвирлаган. Бу қарашлар ўз даври учун муайян мантиққа эга бўлган бўлиши мумкин, аммо XXI аср шароитида улар урушни тарғиб қилувчи эскирган ғоялардир. Дугин эса “Heartland” атамасини “евросиёчилик” билан алмаштириб, собиқ СССР ҳудудларини келажак ҳукмронлиги маркази сифатида кўрсатади. У туркий халқларни славянларга хизмат қилувчи, вақт ўтиб йўқ бўлиб кетиши керак бўлган этнослар сифатида талқин қилади.

Унинг очиқ баёнотларида туркий халқлар ўртасида низоларни қўзғатиш, уларнинг бирлашувига йўл қўймаслик, Марказий Осиёда иқтисодий ва сиёсий консолидацияни тўхтатиш ғоялари илгари сурилади. Бу қарашлар ўта шовинистик, ярим фашистик ва провокацион характерга эга.