Покистон билан доимий тўқнашувлар фонида “Толибон” Россия билан ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама қиляпти. Кун тартибида асосан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш ва ҳарбий техникаларни таъмирлаш масаласи тургани айтиляпти. Kun.uz сиёсий таҳлилчилардан бу ҳамкорликнинг Марказий Осиё учун аҳамияти ҳақида сўради.

— Россиянинг “Толибон” билан ҳарбий ҳамкорлиги Марказий Осиёдаги кучлар мувозанатига қандай таъсир қилади?

Камолиддин Раббимов: “Толибон” сиёсий тизими ва Россия Федерацияси ўртасида ҳозирча сифат жиҳатидан юқори даражадаги ҳамкорлик шаклланмаган. Мавжуд алоқалар асосан чекланган ва кўпроқ риторик характерга эга. Яъни томонлар ўзаро дўстликни таъкидловчи баёнотлар билан чиқмоқда: “сиз бизнинг дўстимизсиз, биз сизнинг дўстингизмиз” қабилидаги сиёсий нутқлар устунлик қилмоқда.

Россия томонидан “Толибон” ихтиёридаги эски ҳарбий техникаларни, жумладан, танк ва артиллерия воситаларини таъмирлаш бўйича айрим ҳамкорлик мавжуд. Бироқ бу “Толибон”ни янги ҳарбий қудратга айлантирмайди. Бундай лойиҳалар, биринчидан, молиявий жиҳатдан тўлиқ таъминланиши керак, иккинчидан, Россия бу хизматларни бепул амалга оширмайди. Шунингдек, бу маблағларни ким ва қандай шаклда тўлаши масаласи ҳам очиқ қолмоқда.

Амалиёт шуни кўрсатадики, сиёсий келишувларнинг катта қисми дастлаб тантанали учрашувлар ва баёнотлар билан имзоланади, бироқ кейинчалик уларнинг муҳим қисми тўлиқ амалга ошмайди ёки қадрсизланади. Расмий ташрифлар давомида илиқ кутиб олиш, меҳмондўстлик муҳитини яратиш орқали дўстона алоқалар намойиш этилади, аммо бу ҳар доим ҳам реал стратегик ҳамкорликни англатмайди.

Бугунги кунда ҳеч бир йирик давлат “Толибон”ни кучли геосиёсий ёки ҳарбий иттифоқчига айлантиришга жиддий интилаётгани кузатилмайди. Дастлаб Хитой томонидан эҳтиёткор қизиқиш бўлган бўлса-да, ҳозирги вазиятда “Толибон” атрофида икки асосий геосиёсий кесишув мавжуд: юқори даражада АҚШ ва Хитой рақобати, минтақавий даражада эса Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги қарама-қаршилик.

Тарихий жиҳатдан қаралганда Афғонистон ҳудуди ташқи кучлар учун мураккаб майдон бўлиб келган. Бу ерга кирган йирик давлатлар – Британия империяси, Совет Иттифоқи ва АҚШ узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг сезиларли йўқотишлар билан чиқиб кетган. Шу боис сиёсатшунослар орасида Афғонистон кўпинча “империялар қабристони” деб аталади.