Жаҳон | 09:31
839
4 дақиқада ўқилади

ГФР вице-канцлери: Трампнинг божлардан воз кечганидан хурсанд бўлишга ҳали эрта

ГФР молия вазири Ларс Клингбайл АҚШ президенти ва НАТО бош котиби ўртасида ёзма келишувлар пайдо бўлишини кутишга чақирди. “Бироз кутиш керак, ҳаддан ташқари эрта қувониш ҳам тўғри эмас”, — деб огоҳлантирди у.

Ларс Клингбайл Фото: Markus Lenhardt/dpa

ГФР вице-канцлери ва молия вазири Ларс Клингбайл АҚШ президенти Доналд Трампнинг Германия ва Гренландияни Трамп аннексия қилиш режаларига қарши чиққан бошқа давлатлар учун оширилган божларни бекор қилиш ҳақидаги баёнотига шубҳа билан муносабат билдирди. Сўнгги кунлардаги “иқрор” ва тебранишлардан кейин, аввало Трамп ва НАТО бош котиби Марк Рютте аслида нималар ҳақида келишиб олганини кўриш керак, деди Клингбайл чоршанба куни, 21 январда Германиянинг жамоат-ҳуқуқий ZDF телеканали эфирида.

“Мулоқот кетяпти — бу яхши, аммо барибир бироз кутиш керак, ва ҳаддан ташқари эрта қувониш ҳам тўғри келмайди”, — деб огоҳлантирди Германия Молия вазирлиги раҳбари. У аввал унга “қора ҳарф билан оқ қоғозда” мустаҳкамланган, аниқ ва ёзма тарздаги келишувларни кўриш истагини айтди.

Аввалроқ, шу куни — 21 январда Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида НАТО бош котиби Марк Рютте билан Гренландия бўйича келгусидаги битим учун асос бўлиши керак бўлган “шартлар”ни келишиб олганини ёзган эди. Шу билан бирга у ўз режаларига қарши чиққан давлатларга нисбатан 1 февралдан оширилган божларни жорий этмаслигини ҳам эълон қилди.

Германия молия вазири фикрича, Трампнинг позициясини ўзгартиришга аввало Даниянинг Европа иттифоқчилари томонидан бирдам реакция кўрсатилгани таъсир қилган (Гренландия Даниянинг автоном ҳудуди ҳисобланади). “Муҳими — ва мен буни алоҳида таъкидламоқчиман, сўнгги кунларда биз Европада аниқ қилиб айтдик: бу Гренландия ва Даниянинг суверен манфаатларидир. Очиқ-ойдин тушунча борки, биз — уларнинг томонида”, — деди Ларс Клингбайл. У қўшимча қилди: “Давлат яхлитлиги ва суверенитет деган тушунчалар бор — уларни четга суриб қўйиб бўлмайди”.

ГФР вице-канцлери, шунингдек, Трампни позициясини ўзгартиришга мажбур қилган яна бир омил — халқаро танқид ва АҚШ ичидаги босим, деб ҳисоблайди. “АҚШда танқид кучайиб бораётган эди, Европадан ҳам, халқаро миқёсда ҳам танқид кучайиб бораётган эди, ва менимча, бу ҳам Трампни позициясини бироз ўзгартиришга ундади”, — деди Ларс Клингбайл. Шу муносабат билан у АҚШга инвестиция киритиш масаласида инвесторлар орасида ишончсизлик ошиб бораётганини эслатди.

Шу билан бирга Ларс Клингбайл Доналд Трамп ташаббуси билан Ғазо сектори учун ташкил этилаётган, “Тинчлик кенгаши” деб аталувчи тузилмани танқид қилди. “Қўшимча халқаро институтларга эҳтиёж йўқ. Бизда БМТ бор, уни янги органлар тузиш ўрнига кучайтириш керак”, — дея изоҳ берди у.

Кутилишича, 22 январ куни Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида “Тинчлик кенгаши” низоми имзоланади — ушбу органга Доналд Трамп раислик қилади. Дастлаб “Тинчлик кенгаши” Ғазо секторини тиклаш учун ташкил этилган, аммо ОАВ маълумотларига кўра, унинг низом матни бу органнинг ваколатлари анча кенг бўлишини кўрсатади ва у БМТга рақобатчига айланиши мумкин.

Кенгаш ижро қўмитаси таркибига, бошқалар қаторида, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, АҚШ президентининг куёви Жаред Кушнер ҳамда Британия собиқ бош вазири Тони Блэр киритилган. Унинг ишида қатнашиш учун таклифномалар Германия, Россия ва Беларус раҳбарларига ҳам йўлланган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид