Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Божлар пасайтирилса, маҳсулот нархи арзонлашарди”: импорт соҳасида тадбиркорлар ҳукуматдан қандай ёрдам кутяпти?
Товарларни божхонадан ўтказишдаги мураккаб тартиблар ва ортиқча ҳужжатлар, маҳаллий лабораториялар ҳамда сертификатлаш органларидан талаб этиладиган қўшимча тасдиқлар, импорт қилинаётган хомашё, тайёр маҳсулотларга солинадиган бож ҳамда солиқлар юқорилиги бугун четдан маҳсулот олиб кираётганларни энг кўп қийнаётган масалалардан. Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида бўлиб ўтган Ўзбекистон элчилари ва импорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлари ўртасидаги очиқ мулоқотда айни шу каби кейсларга ечим изланди.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигида Ўзбекистоннинг хориждаги 68 нафар элчиси ва 400 га яқин импортёр тадбиркорлар иштирокида импорт масалаларига бағишланган очиқ мулоқот ўтказилди. Савдо-саноат палатаси, Божхона қўмитаси ҳамда бошқа мутассади вазирлик, идоралар раҳбарлари қатнашган тадбирда ташқи савдо жараёнларида учраётган муаммолар, хомашё импорти, тариф ва нотариф тартибга солиш, ишлаб чиқариш таннархини камайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хомашё импорти: мувофиқлаштириш талаби
Учрашувда ишлаб чиқарувчиларни арзон ва сифатли хомашё билан таъминлаш орқали тайёр маҳсулот таннархини камайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Шу билан бирга, тадбиркорлар амалий эҳтиёжларини элчиларга айтиб, халқаро етказиб берувчилар билан бевосита алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилди.
Таъкидланишича, палма ёғи, шакар, какао ва қуруқ сут каби асосий маҳсулотлар олиб киришда юзага келаётган қийинчиликлар нархдан ташқари, бозордаги барқарорликка ҳам бевосита таъсир қилмоқда.
“Масалан, қуруқ сут Беларус ва бошқа давлатлардан фарқли нархларда етказиб берилмоқда, Қозоғистондаги транспорт ва логистика масаласи тадбиркорлар томонидан доимий тўсиқ сифатида тилга олинади. Палма ёғи, шакар ёки какао бозорига етиб бориш жараёни эса мураккаб: транзит давлатларда божхона рухсатномалари, транспорт тарифлари ҳамда вақтинчалик тўсиқлар маҳсулот нархига бевосита таъсир қиляпти. Шу сабабли, биз фақат тарифларни мувофиқлаштириш билан чекланмаслигимиз, бутун етказиб бериш занжирини оптималлаштиришимиз керак”, – дейди озиқ-овқат саноати уюшмаси раиси Баҳодир Умиршайхов.
Таъкидланишича, ягона ва барқарор шартларни яратиш учун транзит ҳамда божхона тартиблари соддалаштирилиши, халқаро транспорт стандартлари мувофиқлаштирилиши ва тарифлар бўйича ягона ёндашув жорий этилиши лозим. Шу йўл билан маҳсулот олиб келиш жараёнидаги тўсиқлар бартараф этилиб, нарх ва етказиб бериш тезлиги барқарорлигини таъминлаш мумкин.
Тариф ва нотариф тартиблар: соддалаштириш зарурати
Шунингдек, импорт қилинаётган маҳсулотларга қўлланаётган тариф ва нотариф тартиблар билан боғлиқ муаммолар ҳам таҳлил қилинди. Тадбир иштирокчилари мавжуд тартиб-таомилларни осонлаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва жараёнларни тезлаштириш бўйича таклифлар билдирди.
“Ҳозирда, масалан, консервация қилинган тайёр маҳсулотлар, гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари ҳамда бошқа озиқ-овқатлар бир неча лаборатория текширувларидан ўтиши қатъий талаб этиляпти. Ушбу жараённинг мураккаблиги бозордаги рақобатга таъсир қилмоқда. Биринчидан, ҳар бир қўшимча таҳлил маҳсулот таннархини оширади. Товар етказиб берувчи компания лаборатория тўловлари, транспорт харажатлари ва қўшимча вақтни ҳисобга олган ҳолда нархни оширишга мажбур бўлади. Оқибатда охирги истеъмолчига етиб борадиган маҳсулот нархи сезиларли даражада юқорилайди, бу эса истеъмолчилар танловини чеклайди ва бозорда нарх рақобатини сусайтиради.
Иккинчидан, мураккаб сертификатлаш жараёни етказиб бериш муддатини узайтиради. Маҳсулотлар кўплаб лаборатория текширувларидан ўтиши шартлиги сабабли импорт жараёни бир неча ҳафта ёки ҳатто ойлар давом этиши мумкин. Мазкур ҳолат товарнинг бозорга тез етиб боришини секинлаштириб, хомашё ва тайёр маҳсулотлар захираларини сақлаш харажатларини ҳам оширади. Шу тариқа, логистик харажатлар ортади, таъминот занжирида узилишлар юзага келади ва компаниялар маҳсулотни вақтида етказишда қийинчиликка дуч келади.
Учинчидан, ортиқча ва мураккаб сертификатлаш жараёни контрафакт товарларнинг бозорга киришига ҳам билвосита шароит ҳозирлайди. Айрим ишлаб чиқарувчилар ёки импортёрлар стандартларга жавоб бермаган маҳсулотларни расмий йўллар билан етказиб бера олмаган ҳолатларда яширин йўллар ёки “қорабозор” орқали маҳсулотларни бозорга киритишга мажбур бўлади”, – дейди тадбиркор Улуғбек Раҳимов.
Тадбиркорлар бу муаммони халқаро сертификатларга эга лабораториялар томонидан ўтказилган таҳлил натижаларини қабул қилиш орқали ҳал қилишни таклиф этди. Уларнинг фикрича, бу тизим импорт жараёнини соддалаштиради, маҳсулот таннархини пасайтиради ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун рақобат афзалликларини оширади.
Қурилиш ва саноат лойиҳаларида ҳамкорлик
Бундан ташқари, қурилиш корхоналари ва бошқа саноат компанияларининг йирик халқаро лойиҳаларда иштироки масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мутахассислар маҳаллий компанияларнинг халқаро тендерларда фаол иштирок этишини рағбатлантириш, юзага келадиган молиявий, ҳуқуқий ва техник тўсиқларни бартараф этиш бўйича таклифлар берди.
Мавзуга оид
08:48 / 20.06.2026
Қумга бой Саудия нега қум импорт қилмоқда?
21:34 / 13.06.2026
Андижонда олтинларни турли найранглар орқали олиб киришга уринган шахслар тўхтатиб қолинди
09:50 / 12.06.2026
Ички кийимга яширилган гиёҳвандлик моддаси сақловчи капсулалар аниқланди
21:11 / 30.05.2026