Жаҳон | 22:29 / 27.01.2026
2307
3 дақиқада ўқилади

«Қиёмат куни соати» ярим тунгача 85 сония қолганини кўрсатди – бу тарихдаги энг юқори кўрсаткич

Халқаро илмий ҳамжамият экспертлари рамзий «Қиёмат куни соати» милларини 4 сония олдинга сурди – энди ярим тунгача (шартли глобал фалокатгача) 85 сония қолди. Бу лойиҳа ишга туширилганидан бери энг юқори кўрсаткич.

Фото: AP

Қарор 1947 йилдан бери глобал таҳдидларни кузатиб келаётган Bulletin of the Atomic Scientists журнали ва тадқиқот ташкилоти томонидан қабул қилинди. Соатдаги «ярим тун» энг аввало ядро уруши, иқлим инқирози ва технологияларнинг назоратсиз ривожланиши билан боғлиқ кенг кўламли шартли фалокат лаҳзасини англатади.

«Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа мамлакатлар «тобора тажовузкор, душманкор ва миллатчи» бўлиб бораётган бир пайтда Ер сайёраси ҳар қачонгидан ҳам ҳалокатга яқинлашмоқда, деб баёнот берди лойиҳа муаллифлари 27 январ куни.

Нима учун миллар олдинга сурилди?

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, милларнинг ҳозирги ҳолати бир вақтнинг ўзида бир неча йўналишларда глобал вазиятнинг кескин ёмонлашишини акс эттиради.

Асосий омиллар орасида қуйидагилар санаб ўтилган:

- ядро қуролидан фойдаланиш хавфининг ортиши ва қурол-яроғ устидан назорат қилиш тизимининг сусайиши;

- давом этаётган халқаро можаролар ва геосиёсий кескинликнинг юқори даражаси;

- иқлим ўзгаришининг тезлашиши ва уларни жиловлаш бўйича чораларнинг етарли эмаслиги;

- самарали халқаро назоратсиз сунъий интеллект ва ҳарбий технологияларни ривожлантириш.

Қарор қандай қабул қилинади?

Соат миллари ҳолати Фан ва хавфсизлик кенгаши томонидан белгиланади, унинг таркибига ядро физиклари, иқлимшунослар, халқаро хавфсизлик ва янги технологиялар бўйича мутахассислар киради. Баҳолаш рамзий хусусиятга эга бўлиб, ҳақиқий ҳалокатдан олдинги вақтни аниқ башорат қилиш ёки ҳисоблашни англатмайди.

Бу нимани англатади?

Олимларнинг таъкидлашича, ярим тунгача бўлган 85 сония муқаррар якунни башорат қилиш эмас, балки огоҳлантирувчи сигналдир. Лойиҳанинг мақсади ҳукуматлар ва жамоатчилик эътиборини ўсиб бораётган хавф-хатарларга қаратиш ва воқеалар ривожи сиёсий қарорлар ва халқаро ҳамкорликка боғлиқлигини таъкидлашдир.

«Қиёмат куни соати» миллари орқага сурилган даврлар ҳам бўлган. Масалан, 1991 йилда совуқ урушнинг тугаши, СССР парчаланиши ва ядровий арсеналларни кенг миқёсда қисқартириш жараёнлари туфайли миллар орқага кескин сурилган ва ярим тунгача қолган вақт 17 дақиқани ташкил этган – бу энг «хавфсиз давр» ҳисобланади. Бироқ, шундан кейин соат миллари фақат олдинга сурилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид