Жаҳон | 14:42
948
2 дақиқада ўқилади

Киев: Трамп 15 майгача тинчлик шартномасини тузишга интилмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик келишуви жорий йил 15 майдан кечиктирмай имзоланишини кутмоқда. Бу ҳақда сешанба, 27 январ куни Украинадаги кундалик онлайн-дастур — Ranok.LIVE эфирида ўз манбаларига таяниб, Олий Раданинг “Европа бирдамлиги” партиясидан депутати Алексей Гончаренко маълум қилди.

Фото: White House

Унинг сўзларига кўра, 3 ноябр кунига АҚШ Конгрессига оралиқ (midterm) сайловлар белгиланган. Агар Трамп май ойигача урушни якунлаш бўйича натижа кўрсата олмаса, бу унга “плюс”дан кўра “минус” бўлади. Гончаренконинг қўшимча қилишича, АҚШда май ойи Украина ва Россия ўртасида келишув тузиш учун норасмий “дедлайн” деб қаралади, шундан кейин Америка томони музокара жараёнидан чиқиб кетиши ҳам мумкин.

“Украина масаласи йўқолиб кетмайди, аммо иккинчи даражага тушиб қолади”, — деди у.

The Moscow Times нашри эслашича, АҚШнинг Украина бўйича 28 банддан иборат тинчлик режаси мазмунини биринчи бўлиб оммага эълон қилган айнан Алексей Гончаренко бўлган.

Ўтган дам олиш кунлари Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) пойтахти Абу-Дабида Россиянинг Украинага босқинини якунлаш мавзусида РФ, Украина ва АҚШ вакиллари иштирокида илк уч томонлама музокаралар бўлиб ўтди. Украина президенти Володимир Зеленский кейинроқ музокараларга ижобий баҳо берди ва делегациялар 1 феврал куни яна учрашишини маълум қилди.

Музокаралардан бир кун олдин Москвада АҚШнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ва Трампнинг куёви Жаред Кушнер Россия президенти Владимир Путин билан учрашган. Оқ уй бу учрашувни “жуда самарали муҳокама” деб атаб, унда “охирги ҳал этилмаган масалалар” кўриб чиқилганини билдирган.

Музокаралар арафасида Москва ўзининг энг қатъий талабини — Украина армияси бутун Донбассдан, шу жумладан аввал Россия назоратида бўлмаган ҳудудлардан ҳам чиқиб кетишини яна бир бор тасдиқлади. Украина эса буни қатъиян рад этади. Шу фонда РФ Украинани кенг кўламли ўққа тутишини давом эттирган. Киевда айтилишича, Россия ракеталари, жумладан, тинчлик жараёнига қарши ҳам йўналтирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид