Жаҳон | 21:44 / 28.01.2026
2538
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев қўшни давлатдан Қозоғистон орқали $14 млрд хорижга ўтказилганини айтди

У тармоқ идоралари ва Миллий банкка тижорат банкларининг ноқонуний ёки шубҳали операциялари устидан назоратни кучайтиришни топширди.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон банкларидан бири 7 трлн тенгени (деярли 14 млрд доллар) «қўшни давлатдан» бошқа давлатларга «ўтказишга» ёрдам берди, деди президент Қосим-Жўмарт Тўқаев йиғилишда.

У тармоқ идоралари ва Миллий банкка тижорат банкларининг ноқонуний ёки шубҳали операциялари устидан назоратни кучайтиришни топширди.

«Қонун, иқтисодиёт, ҳатто сиёсат нуқтаи назаридан бу, менинг фикримча, даҳшатли факт. Афсуски, фирибгарлик молиявий схемалари билан боғлиқ бундай фактлар ҳали ҳам кўп», деб таъкидлади Тўқаев.

Қозоғистон президенти қўшни давлат қайси эканига аниқлик киритмади, шунингдек, банк номини ҳам тилга олмади.

Бундан ташқари, Қозоғистон крипто-операциялар орқали мамлакатдан капитални ноқонуний олиб чиқиш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади, деб қўшимча қилди у. Республикада айланмаси 62 миллиард тенгедан (тахминан 124 миллион доллар) ортиқ бўлган 130 дан ортиқ ноқонуний крипто айирбошлаш воситалари йўқ қилинди, деб тушунтирди у.

2025 йил октябрида Европа Иттифоқи санкцияларининг 19-пакети доирасида Россиянинг «ВТБ Банк» Қозоғистон филиали Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериши мумкин бўлган операциялардаги иштироки туфайли Европа Иттифоқи чекловлари остига тушди. Ушбу санкциялар Европа Иттифоқи мамлакатлари контрагентлари билан ҳисоб-китобларни тақиқлашни назарда тутади, бу эса рўйхатга киритилган тузилмалар учун евро ва долларда операциялар ўтказиш имкониятини чеклайди.

Вазиятга жавобан Қозоғистон Миллий банки вакиллари ВТБ-Қозоғистоннинг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилиши бутун банк тизими барқарорлигига таҳдид солмаслигини ва омонатчилар маблағларига таъсир этмаслигини маълум қилди. Шунингдек, ҳукумат ва регуляторлар вазиятни кузатишда давом этаётгани ҳамда назорат ва халқаро талабларга риоя қилишнинг ички механизмларини кучайтираётганини таъкидлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид