“Ботқоқлар” деганда ёқимсиз манзара кўз олдимизга келади. Аслида эса улар экотизимнинг муҳим қисмидир, уларни йўқотиб қўйсак, улкан талафот юз беради. 2 феврал куни Green Universityʼда Бутунжаҳон сувли-ботқоқли ерлар кунига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Акмалжон Абдуллаев, Aral Sea Wetlands лойиҳаси раҳбари: Бугун Бутунжаҳон сувли-ботқоқликлар куни. Бу кунда бутун жаҳонда сувли-ботқоқликларни эътироф этиб, уларнинг муҳимлигини қайд этадиган кун. Бугунги тадбирда экспертлар асосан ботқоқликларнинг қанчалик биз учун муҳимлиги, қайси жиҳатларга эътибор берган ҳолда уларни асраш, улардаги экотизимларни авайлаш ҳақида ўзларининг фикрларини айтиб ўтишди. Хуллас, умумжаҳон ботқоқликлар тўйи бу. Ўзбекистонда ҳам ботқоқликлар борлигини, улар қаерда жойлашганини билиб олиш, уларнинг экотизимимизга, жамиятимизга, инсонларимизга қанчалик муҳимлигини қайд этиш фурсати.

Шокир Шарипов: Ботқоқликларга ўзи қанақадир хавф туғилганми ҳозир?

Акмалжон Абдуллаев: Албатта. Бизнинг Ўзбекистон Республикасида асосий ботқоқлик ҳудудларимиз Амударёнинг қуйи оқими, яъни Оролбўйи ҳудудлари, Орол ҳавзаси (Орол бассейни)да жойлашган. Экотизимлардаги кераклича сувни етказиб бериб туриш, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш, аҳолидан сувни тўғри мувозанатда сақлаб, тақсимлаш учун муҳимлигини ҳамма эътироф этди ва бизнинг лойиҳамиз айнан шу йўналишга йўналтирилган.

Шокир Шарипов: Бу тадбирдан кейин қанақадир амалий ишлар ҳам кўзда тутиляптими?

Акмалжон Абдуллаев: Албатта. Бу тадбир бизнинг қилаётган ишларимизнинг дебочаси деб айтсак ҳам бўлади. Бу лойиҳага бевосита Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури экспертлари ва Глобал экологик жамғарманинг маблағлари сифатида 2022 йилдан бери амалга ошириб келиняпти. Бу ҳудудларда бир неча ишларни амалга оширдик. Биринчи ўринда сувни умумий тақсимлаш масалаларига кўп эътибор бериб ўрганилди. Иккинчиси, ер масалалари. Деградацияга учраган ерларни деградациядан чиқариш учун амалий ишлар бажарилди. Биринчидан, уларни аниқлашга катта эътибор берилди. Қорақалпоғистонда Амударё, Мўйноқ тумани, Бухоро вилоятида Олот ва Қоракўл тумани деградацияга учраган. Шундай ҳудудларни аниқлаб, ўша ерда уруғ экиб, миллий экспертлар ва миллий ҳамкорлар билан биргаликда маълум ишлар амалга оширилди. Ва бу ҳудудларда биохилмахилликни сақлаб қолиш учун маълум ҳудудларни ҳимояланган ҳудудларга ўтказиб, уларнинг техник шарт-шароитларини яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилди.