Жамият | 12:30 / 03.02.2026
3816
1 дақиқада ўқилади

Ерусти метро линияси остидаги автомобил устига фасад сувоғи бўлаги тушиб кетди

Ижтимоий тармоқларда ерусти метро линияси остида тўхтаб турган автомобил устига юқоридан сувоқ бўлаги тушиб, транспорт воситасига енгил зарар етгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент метрополитени расмий изоҳ берди.

Фото: Тошкент метрополитени

Маълум қилинишича, ҳодиса «Ерусти ҳалқа» йўналишининг Қўйлиқ ва Янгиобод бекатлари оралиғида содир бўлган. Метро ҳаракати пайтида юзага келадиган табиий тебранишлар таъсирида метро йўли фасадининг сувоқ қисмидан кичик бўлак ажралиб тушиб, линия остида тўхтаб турган автомобилга енгил зарар етказган.

Қайд этилишича, ҳолат аниқланган заҳоти метрополитен ходимлари томонидан ҳудуд кўздан кечирилиб, фасад қисми тўлиқ таъмирланган ҳамда хавфсизлик чораларига доир қўшимча назорат ишлари олиб борилган. Шунингдек, метро иншоотлари белгиланган техник талаблар ва хавфсизлик меъёрларига мувофиқ равишда доимий назоратда сақланиши таъкидланган.

«Тошкент метрополитени» ҳайдовчилардан шахсий автомашиналарни фақат рухсат этилган ва белгиланган тўхташ жойларида қолдиришни сўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид