Жаҳон | 15:59 / 07.02.2026
2114
2 дақиқада ўқилади

Санкциялар: ЕИ суди Россиядан олиб кирилган автомобилларни мусодара қилишга рухсат берди

Евроиттифоқ давлатлари Россиядан ЕИ ҳудудига санкцияларни бузган ҳолда олиб кирилган автомобилларни мусодара қилиш ҳуқуқига эга. Бундай қарорни Европа Иттифоқининг умумий юрисдикция суди россиялик фуқаронинг даъвосини кўриб чиқиб қабул қилди.

Фото: Фото: DesignIt/Zoonar

Евроиттифоқ давлатлари Россиядан амал қилаётган санкцияларни бузган ҳолда ЕИ ҳудудига олиб кирилган автомобилларни мусодара қилиши мумкин. Бундай қарорни Европа Иттифоқининг умумий юрисдикция суди пайшанба куни, 5 февралда қабул қилди. Ишга Дюсселдорфда яшовчи Россия фуқаросининг даъвоси сабаб бўлган.

Россия фуқароси 2023 йил январ ойида Россияда ишлатилган автомобил сотиб олган, шу йилнинг май ойида у билан Полшага кирган, кейин эса автомобилни давлат рақам белгиларисиз трейлерда Дюсселдорфга олиб борган ва 2023 йил август ойида уни декларация қилишга уринган. Бироқ Германия божхонаси транспорт воситасини мусодара қилган, бунда Европа Иттифоқининг № 883/2014 регламентининг 3i-моддасига таянган. Ушбу ҳужжат ЕИ ҳудудига Россияга «сезиларли даромад» келтирадиган товарларни олиб киришни тақиқлайди.

Суд қарорига кўра, Евроиттифоқнинг Россиядан товарлар олиб киришга қўйган чекловлари тақиқланган савдо тоифалари рўйхатига киритилган барча позицияларга татбиқ этилади. Шунингдек, суд Россиядан олиб кирилган ва 2023 йил 19 декабр ҳолатига кўра ЕИ ҳудудида бўлган автомобилларни рўйхатдан ўтказиш фақат эмбаргони бузмаган ҳолда олиб кирилган транспорт воситаларига нисбатан рухсат этилишини белгилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид