Жаҳон | 10:55
1921
2 дақиқада ўқилади

Сирский: Россия Чернихив вилоятига ҳужум қилишни режалаштирмоқда

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирскийнинг айтишича, Россия армиясининг энг эҳтимолий ҳужум сценарийси Брянск вилояти орқали Чернихив вилоятига кириб келиш ҳисобланади. Унинг фикрича, бу орқали Москва Украина қўшинларини бошқа йўналишлардан чалғитиш ва фронт чизиғини янада кенгайтиришни кўзламоқда.

Фото: РИА Новости

Александр Сирский бу ҳақда ТСН телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия қўмондонлиги Чернихив вилояти ҳудудига шимолдан, яъни Брянск вилояти орқали кириб келиш имкониятини асосий сценарий сифатида кўриб чиқмоқда.

«Уларнинг режаси Чернихив вилояти ичкарисига силжиш, шу орқали Украина қўшинларининг бир қисмини ушбу йўналишга жалб қилиш, фронтни чўзиш ва бизнинг захира кучларимизни камайтиришдан иборат. Бу реал сценарий ва биз унга тайёргарлик кўряпмиз», — деди Сирский.

Шу билан бирга, у Россия ҳарбий раҳбарияти Беларус ҳудуди орқали Киев томон яна бир ҳужум уюштириш эҳтимолини ҳам ўрганаётганини таъкидлади.

«Биз Россия президенти Владимир Путин Бош штабга турли ҳужум сценарийларини ҳисоблаб чиқиш вазифасини қўйганини биламиз. Шунинг учун Беларус орқали ҳужум вариантини ҳам инобатга олмоқдамиз», — деди Украина бош қўмондони.

Бироқ Сирскийнинг таъкидлашича, ҳозирча Беларус ҳудудида Россия ёки Беларус қўшинларининг йирик миқёсда жамланаётгани кузатилмаяпти.

Унинг фикрича, сўнгги воқеаларни ҳисобга олганда, Беларус раҳбарияти ўз ҳудудини Россия учун яна бир бор ҳужум плацдарми сифатида тақдим этишга журъат қилмаслиги мумкин.

«Бизда етарли тажриба, тайёрланган бўлинмалар ва кучлар мавжуд. Бу йўналишдан келиши мумкин бўлган таҳдидларга қарши туриш имкониятимиз бор», — деди у.

Шунингдек, Сирский Украина томони Беларус ҳудудида Россия дронларига навигация қилишда ёрдам берадиган ретрансляторлар масаласини ҳам кузатаётганини билдирди. Унинг айтишича, бу қурилмалар ҳали тўлиқ демонтаж қилинмаган.

Аввалроқ Беларус раҳбари Александр Лукашенко Россия ва Украинани мамлакатини урушга жалб қилмасликка чақирган эди. Ўз навбатида, Украина президенти Володимир Зеленский Минскдан Россия дронларига ёрдам бераётган техник воситаларни етти кун ичида олиб ташлашни талаб қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид