Жаҳон | 21:58 / 10.02.2026
657
2 дақиқада ўқилади

Европа давлатлари НАТО бошқарувида кўпроқ рол ўйнашга келишиб олди

Пресс-релизга кўра, ўзгаришлар «НАТО ичида масъулиятни янада адолатли тақсимлашга ўтишнинг бир қисми бўлиб, Европа иттифоқчилари НАТО қўмондонлик тузилмасида кўпроқ раҳбарлик ролини ўз зиммасига олади».

Фото: AP

НАТО давлатлари алянснинг қўмондонлик тузилмасида масъулиятни қайта тақсимлашга келишиб олди, унга кўра европалик иттифоқчилар қўмондонлик тузилмасида кўпроқ рол ўйнайди, деб хабар берди ташкилотнинг Брюсселдаги штаб-квартираси.

Пресс-релизга кўра, ўзгаришлар «НАТО ичида масъулиятни янада адолатли тақсимлашга ўтишнинг бир қисми бўлиб, Европа иттифоқчилари НАТО қўмондонлик тузилмасида кўпроқ раҳбарлик ролини ўз зиммасига олади». Бундан ташқари, алянсда кўрилаётган чора-тадбирларда «АҚШнинг НАТО қўмондонлиги ва назоратига содиқлиги, шу жумладан НАТОнинг Европадаги Бирлашган қуролли кучлари олий бош қўмондони ролини сақлаб қолиши» ҳисобга олинмоқда.

Хусусан, оператив қўмондонлик даражасида Буюк Британия Норфолкдаги (АҚШ) Бирлашган кучлар қўмондонлигини, Италия эса ҳозир АҚШ бошчилигидаги Неаполдаги Бирлашган кучлар қўмондонлигини ўз зиммасига олади. Германия ва Полша биргаликда ротация асосида Брюнсумдаги (Нидерландия) Бирлашган кучлар қўмондонлигига раҳбарлик қилади.

«Натижада, инқирозли вазиятларда ва можароларда тезкор даражада раҳбарлик қиладиган учта Бирлашган кучлар қўмондонлиги (...) европаликлар томонидан бошқарилади. Қўшма Штатлар Иттифоқ денгиз қўмондонлиги учун масъулиятни ўз зиммасига олиб, Иттифоқ қуруқлик қўмондонлиги ва Иттифоқ ҳаво қўмондонлигига раҳбарликни сақлаб қолган ҳолда театр компонентининг барча учта қўмондонлигини бошқаради», дейилади пресс-релизда.

Ташкилот штаб-квартирасининг аниқлик киритишича, «ушбу ўзгаришлар ходимларни алмаштириш бўйича мавжуд жадвалга мувофиқ келгуси йилларда босқичма-босқич амалга оширилади».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид