Авто | 13:08
3518
2 дақиқада ўқилади

Қандай машиналар антиквар деб топилишига изоҳ берилди

Ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланиш тақиқланяпти. Лекин уларнинг айримлари антиквар транспорт воситаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилиши ва алоҳида авторақам берилиши мумкин. Бунинг учун машинанинг асосий агрегатлари сақланиб қолгани билан боғлиқ бир нечта талаб бор. Агар машина бу талабларга жавоб бермаса, давлат рўйхатидан чиқарилади.

Машиналар антиквар автомобил деб топилиши учун қандай талаблар бор? ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев бунга изоҳ берди.

Унга кўра, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган, асл ҳолати, ташқи кўриниши, тузилиши, асосий агрегатлари сақланиб қолган машиналар антиквар транспорт воситаси сифатида қайта рўйхатдан ўтказилади. Уларга янгича давлат рақам белгилари берилади.

Асосий агрегатлар деганда қуйидагилар тушунилади:

  • машина ташқи кўриниши, тузилиши ва кузови ўзгармаган бўлиши лозим;
  • двигатели ва ёқилғи тури алмашмаган бўлиши шарт;
  • двигателдан чиққан кучни ғилдиракларга узатувчи сцепления, баллонлар, тормоз ва рул бошқарув тизимлари, узатмалар қутиси, электр жиҳозлари ҳамда салон ўриндиқларининг жойи ва шакли асл ҳолатда бўлиши талаб этилади.

Автомобил ушбу талабларга жавоб берса, антиквар деб топилади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 февралдан бошлаб антиквар автомототранспортлар учун алоҳида серияли давлат рақам белгилари жорий этилган. Агар антиквар деб топилмаса, ишлаб чиқарилганига 50 йил ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатга олиш тақиқланади, бундай транспортлар давлат рўйхатидан чиқарилади

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид