Жамият | 19:09
566
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда бир ойда автобусда чиптасиз юрган 11,5 минг йўловчи жаримага тортилди

Тошкентда январ ойида автобусда чиптасиз юрган 11 502 йўловчи жаримага тортилди. Ҳар куни автобуслар 1,4 млн йўловчи ташийди. Чиптасиз юрганлик учун 41 200 сўм миқдорида жарима белгиланган.

Фото: Транспорт вазирлиги

2026 йил январ ойида автобусда йўл ҳақини тўламаганларга қарши кучайтирилган рейд тадбирлари чоғида 11 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси назоратчилари томонидан автобусларда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларга қарши кучайтирилган рейд тадбирлари олиб борилмоқда.

Январ ойи мобайнида автобусларда чиптасиз юрган йўловчиларга нисбатан 11 502 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарималар қўлланган.

Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (Чиптасиз юриш)га кўра, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчига БҲМнинг ўндан бир қисми миқдорида (41 200 сўм) жарима белгиланади.

Чиптасиз юрганларни жаримага тортиш 2025 йил мартидан бошланганди. Ўтган йил август ойида ўтган вақт ичида Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 4090 йўловчига маъмурий чоралар кўрилгани хабар қилинганди.

Транспорт вазирлигининг 2025 йил майидаги маълумотига кўра, Тошкент автобуслари ҳар куни 1 миллион 400 мингдан ортиқ йўловчи ташийди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид