Соғлом ҳаёт | 19:20 / 20.02.2026
6502
5 дақиқада ўқилади

Рўза пайтида бош оғриғи нега кучаяди? Олдини олиш бўйича тавсиялар

Рамазон ойида кўплаб рўзадорларда кун ўрталарига бориб бош оғриғи пайдо бўлади ёки мавжуд оғриқлар кучаяди. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу ҳолат касаллик эмас, асосан организмнинг вақтинча физиологик мослашув реакцияси, яъни сув етишмовчилиги, кофеинни бирдан тўхтатиш, қондаги глюкоза пасайиши ва уйқу бузилиши билан боғлиқ бўлади. Ушбу омилларни назорат қилиш орқали бош оғриғининг олдини олиш мумкин.

Фото: Shutterstock

Сувсизланиш – энг кўп учрайдиган омил

Тиббий кузатувларга кўра, рўза вақтида бош оғриғининг энг кенг тарқалган сабаби сувсизланишдир. Кун давомида суюқлик қабул қилинмаганда, қон ҳажми бироз камаяди, бу эса мия қон томирларига таъсир қилиб, оғриқ рецепторларини қўзғатиши мумкин.

Организм ҳатто енгил даражадаги сувсизланишга ҳам сезгир бўлади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, тана суюқлигининг атиги 1–2 фоизга камайиши ҳам бош оғриғи, чарчоқ ва диққат пасайишига олиб келади.

Шу сабабли, шифокорлар ифторлик ва саҳарлик оралиғида суюқликни бирданига эмас, босқичма-босқич, бўлиб-бўлиб ичишни тавсия қилади.

Кофеин абстиненция синдроми

Рўза бошланишидан олдин мунтазам қаҳва ёки чой ичиб юрган одамларда бош оғриғи кўпинча кофеин етишмовчилиги билан боғлиқ бўлади. Неврология бўйича кузатувларга кўра, кофеин қон томирларини торайтиради. Уни бирдан тўхтатганда томирлар кенгаяди, бу эса бош оғриғини келтириб чиқариши мумкин. Кофеин абстиненция (бекор қилиш) синдроми одатда 12–24 соат ичида бошланади ва бир неча кун давом этиши мумкин. Мазкур жараёндан келиб чиқиб, мутахассислар Рамазондан олдин кофеин миқдорини аста-секин камайтиришни тавсия қилади.

Қондаги глюкоза пасайиши

Овқатланиш режими кескин ўзгарганда қондаги глюкоза даражаси вақтинча тушиши мумкин. Мия энергия сифатида асосан глюкозадан фойдаланади, унинг кескин пасайиши бош оғриғи, бош айланиши ва ҳолсизликни чақириши эҳтимоли мавжуд.

Бу айниқса:

  • нонушта қилмасдан юришга ўрганмаганлар;
  • қандли диабетга мойиллиги борлар;
  • тез ҳазм бўладиган углеводларни кўп истеъмол қиладиганларда кўпроқ кузатилади.

Мутахассислар саҳарликда фақат ширин ёки оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар эмас, секин ҳазм бўладиган углеводлар, оқсил ва толага бой маҳсулотлар истеъмолини тавсия қилади. Бу глюкоза даражасининг барқарор сақланишига ёрдам беради.

Уйқу режими бузилиши

Рамазон даврида уйқу тартиби ўзгаради: кеч ётиш, саҳарлик учун эрта туриш, кундузги уйқу етишмовчилиги. Неврологлар уйқу етишмовчилиги мигрен ва кучли бош оғриғи учун энг муҳим триггерлардан бири эканини қайд этади. Хусусан, уйқу бузилиши оғриқ сезгирлигини оширувчи нейромедиаторлар мувозанатига таъсир қилади. Оқибатда оддий оғриқ ҳам кучлироқ сезилиши мумкин.

Рўза пайтида бош оғримаслиги учун нима қилиш керак?

Тўғри саҳарлик ҳам муҳим омиллардан биридир. Саҳарликни ўтказиб юбориш ёки фақат ширин ва тез ҳазм бўладиган маҳсулотлар билан чекланиш қондаги глюкоза даражасининг тез тушишига олиб келади. Мия энергия манбаи сифатида асосан глюкозадан фойдаланади, шу сабаб унинг пасайиши бош оғриғи, ҳолсизлик ва диққат сусайишига сабаб бўлиши мумкин. Диетологлар саҳарликда оқсилга бой маҳсулотлар, секин ҳазм бўладиган углеводлар ҳамда сабзавот ёки меваларни бирга истеъмол қилишни тавсия қилади.

Рамазон пайтида уйқу тартибининг бузилиши ҳам бош оғриғини кучайтиришга хизмат қилади. Кеч ётиш, саҳарликка эрта туриш ва кундузги уйқу етишмовчилиги асаб тизимининг оғриққа сезгирлигини оширади. Неврологлар имкони қадар умумий уйқу давомийлигини сақлаш, кечаси экран вақтини камайтириш ва зарурат бўлса, кундузги қисқа дам олишни йўлга қўйишни маслаҳат беради.

Шунингдек, ифтор пайтида ҳаддан ташқари кўп ширинлик истеъмол қилиш ҳам бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин. Шакар қондаги глюкозани тез оширади, кейин эса кескин тушишига олиб келади, бу эса бош оғриғи ва чарчоқни кучайтиради. Шу сабабли, ифторни аввал сув ва енгил таом билан бошлаш, асосий овқатни эса бироздан кейин истеъмол қилиш тавсия этилади.

Шифокорлар таъкидлашича, аксарият ҳолларда рўза пайтидаги бош оғриғи бир неча кун ичида камаяди, чунки организм янги режимга мослашади. Бироқ оғриқ жуда кучли бўлса, кўриш бузилиши, босим ошиши ёки ҳушдан кетиш каби белгилар кузатилса, бу ҳолатни фақат рўза билан боғлаб қўймасдан, мутахассисга мурожаат қилиш зарур.

Диёрахон Набижонова
Муаллиф Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид